Рио-2016: ‘Офарин, таърифлашга тил ожиз’
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Рио-2016: ‘Офарин, таърифлашга тил ожиз’

Рио Олимпиадасининг бронза медали совриндори бўлган номдор эркин курашчи Ихтиёр Наврўзов ўзбекистонлик паралимпиячиларнинг Ўйинларда қайд этаётган устма-уст тарихий ютуқларига худди ана шундай баҳо берди.

Ўзбекистон Рио Паралимпиадасининг дастлабки тўрт кунида олтинлари дохил қўлга киритган жаъми медалларининг сони бўйича қолган барча Марказий Осиё давлатларини ортда қолдириб кетди, Украина билан бирга Ўйинларда энг яхши натижа қайд этаётган иккита собиқ Шўро давлатидан биттасига айланди.

Бугунга келиб, Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобидаги медалларнинг сони 21 тага етди. Бу медаллардан 6 таси олтин, 4 таси кумуш ва 11 таси бронза бўлади.

Енгил атлетикачиси Ҳусниддин Норбеков Рио Паралимпиадасида жаҳон рекордини янгилаган бўлса, сузувчиси Фотимахон Алимова Ўйинларнинг ҳар уч медалини ҳам қўлга киритиб, жаҳон миқёсида ҳам топ медалистлар рўйхатига кирган биринчи ўзбекистонлик паралимпиячи бўлди.

Фотимахон Амилова Риода эришган бу каби ютуғи билан ҳам Ўзбекистон ва ҳам бутун Марказий Осиё тарихида ўзига хос рекорд ўрнатди.

“Тўғрисини айтсам, бунақа натижани кутмагандик. Яшасин, лекин бизларнинг спортчилар. Ўзларининг имкониятларидан ҳам ортиғи билан ҳаракат қилишди. Шу каби натижага эришишди. Ўзимга сиғмаяпман бунақа хурсандчиликдан. Офарин, таърифлашга тил ожиз...”, - дейди Ихтиёр Наврўзов Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Паралимпия терма жамоаси кеча - Ўйинларнинг тўртинчи кунини қўшалоқ олтин медали билан якунлади.

Бу гал Фирдавсбек Мусабеков ва Фотимахон Амилова сузиш баҳсларида Рио Паралимпиадаси чемпионларига айланишди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Уларнинг сўнгги ғалабалари ортидан, Ўзбекистон ҳисобидаги олтин медалларнинг сони 6 тага етди.

Ҳисобидаги жаъми 21 та медали билан эса, Ўзбекистон медаллар жадвалида 64 та иштирокчи совриндор давлат орасидан 6-ўринга чиқиб олди.

Медалларнинг аксариятини ҳозирча жамоа ҳисобига дзюдочилари (10 та) ва сузувчилари (7 та) келтиришган.

Ўзбекистонни Рио Паралимпия Ўйинларида бутун минтақа назарда тутилганда ҳам, рекорд сондаги – жаъми 32 нафар спортчиси намоён этмоқда.

“Уларнинг ютуқлари – бизларнинг ютуғимиз. Ҳаммамизнинг ютуғимиз. Бутун Ўзбекистоннинг ютуғи. Шунинг учун ҳам, мен ўйлайманки, Худо хоҳласа, бу биздан кейинги ёш авлодга далда бўлади, стимул бўлади”, - дейди Ўзбекистондан номдор эркин курашчи бўлган суҳбатдошимиз.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, ўзбекистонлик паралимпиячиларнинг баҳслари ҳалича якун топмаган, Рио Паралимпия Ўйинларининг ўзи эса, 18 сентябрга қадар давом этади.

Ҳозирча Рио Паралимпиадаси совриндорлари учун қанча миқдордаги пул мукофотлари кўзда тутилаётганига оид расмий хабарлар имконли эмас.

Лекин, айрим хабарларга кўра, ўзбекистонлик совриндор паралимпиячиларга ҳам медалист олимпиадачилари учун кўзда тутилган миқдордаги пул мукофотлари сақланиб қолинади.

Ўзбекистон Олимпиада терма жамоаси ҳам Рио Ёзги Олимпиадасида тарихий натижа қайд этган, жамоа ҳисобида жаъми 13 та медали билан Тошкентга қайтган 23 август куни ҳозирда марҳум президент Ислом Каримов уларни мамлакат тарихида кузатилмаган миқдордаги пул мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан.

Президент фармонида Рио Олимпиадаси олтин медали совриндорларини 200.000 АҚШ доллари, кумуш медали совриндорини 100.000 АҚШ доллари ва бронза медали совриндорини 75.000 АҚШ доллари билан мукофотлаш кўзда тутилганди.

Бунинг ортидан, президент Ислом Каримов уларни давлат мукофотлари билан тақдирлашга ҳам фармон берганди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси бунга қўшимча олимпиадачиларга Chevrolet “Малибу” русумидаги автомобиллар калитларини ҳам топширганди.

Риодагиси Ўзбекистон иштирок этаётган учинчи Ёзги Паралимпия Ўйинлари бўлади.

Бунгача улар Ўйинларнинг битта кумуш медалини қўлга киритишган ва ҳатто, шунда ҳам бутун минтақада Ёзги Паралимпиада медалини олган ягона давлат бўлиб келишаётганди.

Собиқ Иттифоқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жорий пайтда Ўзбекистон билан бирга Рио Паралимпиадасида энг яхши натижа қайд этиб турган иккита собиқ Шўро давлатидан биттаси бўлган Украина ҳисобида 18 та олтини дохил 49 та медали бор.

Украина Ўйинларнинг бешинчи кунига келиб, медаллар жадвалида Хитой ва Буюк Британиядан кейин 3-ўринни эгаллаб турибди.

Таъкидлаш жоиз, медаллар жадвали юқори иккилиги Ўйинлар бошланган 8 сентябрдан буён ўзгаришсиз қолмоқда.

Ўзбекистон ва Украинадан ташқари, қолган собиқ Шўро давлатлари орасидан ҳозир яна Беларус (2 та олтин, 2 та кумуш), Латвия ( 2 та олтин), Озарбайжон (1 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза), Қозоғистон (1 та олтин, 1 та кумуш), Гуржистон (1 та олтин) ва Литва ( 1та кумуш) Рио Паралимпиадасининг совринли ўринларига кўтарилишга муваффақ бўлишган.

Ўйинларнинг бешинчи кунига келиб, иштирокчи 200 га яқин давлат орасидан 64 таси медалли бўлишган.

Медаллар жадвали пешқадами Хитой ҳисобида 39 та олтини дохил 92 та медаль бўлса, Руминия билан бирга энг қуйи ўринни бўлишиб турган Саудия Арабистони Ўйинларнинг битта бронза медалини олишга муваффақ бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.