Рио-2016: Ўзбекистонда яна қўшалоқ медаль

Рио медаллари Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси яна иккита бронза медалини Ўйинларнинг бешинчи кунида қўлга киритди.

Сўнгги икки медални терма жамоа ҳисобига пауэрлифтингчиси (-80 кг вазн тоифасида) Аҳрор Бозоров ва сузувчиси Дмитрий Хорлинлар (400 метрга эркин усулда сузиш) келтиришди.

Бу - Ўзбекистон спортчилари Риода пауэрлифтинг мусобақаларида қўлга киритган биринчи медаль бўлади.

Бу вазндаги баҳсларнинг "А" гуруҳи беллашувлари режаланган вақтидан бир неча соат кечикиб ўтказилган, "В" гуруҳидагилари эса, бошқа кунга қолдирилганди.

Дмитрий Хорлинники эса, сузувчилари Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобига келтирган 8-медаль бўлди.

Икковлоннинг бу ютуғи ортидан Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобидаги медалларнинг сони 23 тага етди.

Бу медаллардан 6 таси олтин, 4 таси кумуш ва қолган 13 таси бронза бўлади.

Ўйинларнинг бешинчи кунида жаъми 5 нафар ўзбекистонлик паралимпиячи совринли ўринлар учун кураш олиб боришганди.

Кеча 12 сентябр куни ўз мусобақаларини бошлаган ўзбекистонлик эстафетачилар: Миран Сахатов(Жалолиддин Ҳамроқулов), Мансур Абдурашидов, Дониёр Солиев ва Фаҳриддин Ҳамроевлар бугун (Т11-13 таснифида) 4х100 метрга эстафета югуриш баҳсларининг совринли ўринлари учун ўз курашларини давом этдиришади.

Улар Ўйинларнинг олтинчи кунида медаллар учун беллашажак ўзбекистонлик ёлғиз спортчилар бўлишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон ҳисобидаги жаъми 23 та медали билан жорий пайтда медаллар жадвалида 9-ўринда бормоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Ўйинларнинг олтинчи кунига келиб ҳам, Марказий Осиё давлатлари ичидан энг яхши натижа қайд этиб турибди.

Ўзбекистон, шунингдек, Украина билан бирга ҳали-ҳануз Рио Паралимпиадасининг энг кўп совриндори бўлган иккита собиқ Шўро давлатидан биттаси бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Осиё қитъасида ҳам Хитой билан бирга Ўйинларнинг энг кўп медалларини қўлга киритаётган иккита мамлакатдан биридир.

Қозоғистон эса, ҳисобидаги 1 та олтин ва 1 та бронза медали билан медаллар жадвалида 43-ўринни эгаллаб турибди.

Ўйинларда иккита спортчиси билан иштирок этаётган Туркманистон эса, аллақачон бирор бир медалсиз ундаги ўз иштирокига якун ясаб бўлган.

Тожикистонлик ягона енгил атлетикачи ҳали яна эркаклар ўртасида (Т47 таснифида) 400 метрга югуриш баҳсларида ўз омадини синаб кўради.

Ўйинларда ёлғиз спортчиси билан иштирок этган қўшни Афғонистонга ҳам ҳалича Ёзги Паралимпиаданинг бирор бир медалини қўлга киритиш насиб этмаган.

Эслатиб ўтиш жоиз, допинг можароси сабаб, юзлаб паралимпиячиси билан иштирок этиши кутилган Россия Рио Паралимпия Ўйинларидан буткул четлатилган.

Халқаро маҳкамада шикоят аризасини ютқазган Россия ҳукумати бунга жавобан 8-9 сентябр кунлари ўз паралимпиячилари учун Москвада муқобил Ўйинлар уюштиришгача борганди.

Бунақаси эса, Паралимпия ҳаракати тарихида бўлмаган.

Расман 7(8) сентябр куни очилган Рио Паралимпия Ўйинлари 18 сентябрга қадар давом этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўйинларда Ўзбекистонни рекорд сондаги - жаъми 32 нафар паралимпиячиси намоён этмоқда.

Улар Рио Паралимпиадаси совринли ўринлари учун курашларини 17 сентябр кунига қадар давом этдиришади.

Риодагиси Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси иштирок этаётган учинчи Ўйинлар бўлади.

Бунгача Ўзбекистон паралимпиячилари Ёзги Паралимпия Ўйинларининг битта медалини қўлга киритишга муваффақ бўлишган, аммо шунда ҳам, бутун Марказий Осиёда бу каби шарафга нойил бўлиб турган ягона давлат эди.

Риода дастлабки беш кун ичида қайд этган натижалари эса, ўзлари учун ҳам, минтақа учун ҳам тарихийси бўлади.

Медаллар жадвали пешқадами Хитойнинг ҳисобидаги жаъми медаллар сони бугунга келиб 118 тага етди. Бу медаллардан 50 таси олтин бўлади.

Иштирокчи совриндор 68 давлат орасидан энг қуйи ўринни эгаллаб турган Саудия Арабистони ҳисобида 1 та бронза медали бор.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.