Ришод Собиров: ‘Ютуқларини кўриб, йиғладим’
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ришод Собиров: ‘Ютуқларини кўриб, йиғладим’

Дзюдо бўйича кетма-кет уч карра Ёзги Олимпиада Ўйинларининг совриндори сифатида тарихга кирган ва дунёнинг энг номдор дзюдочиларидан бири бўлган Ришод Собиров ўзбекистонлик паралимпиячиларнинг Риода қайд этган рекорд натижаларига худди ана шундай баҳо берди.

Ўзбекистонлик паралимпиячи дзюдочилар Риода рекорд натижа қайд этишди: 3 та олтини дохил жаъми 10 та медалини қўлга киритиб, дзюдо бўйича медаллар жадвалида бу йилги Ёзги Паралимпия Ўйинларининг қолган барча иштирокчи давлатларини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллашди.

“Тўғрисини айтсам, хурсандчилигимнинг умуман чеки йўқ. Кўриб, кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Йиғладим. Мана, Рио Олимпиадасида бизлар эришолмадик шу натижага, боксчиларимиз эришишди...Ўзимиз ҳам кетишларидан олдин учрашиб, уларни руҳан тайёрлаб, натижаларни боксчилардан ҳам яхши қилиб келишларингизни кутиб қоламиз, деб кузатгандик”, - дейди Ришод Собиров Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Ўзбекистонлик боксчилар эса, Риода қўлга киритган медалларининг сони бўйича Куба дохил қолган барча иштирокчи давлатларни ортда қолдириб, медаллар жадвалида биринчи ўринни эгаллашган.

Ўтган олти Ёзги Олимпиада Ўйинларида кузатилмаган бир даражада Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Риода энг кўп медалларини (шу жумладан, олтинларини ҳам) бокс спорт турида қўлга киритганди.

Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари якунига келиб, Ўзбекистон 206 иштирокчи давлат орасидан ҳисобидаги жаъми 13 та медали билан медаллар жадвалида 21-ўринни эгаллаган. Бу медаллардан 3 та олтини дохил 7 таси боксчилари ҳисобига тўғри келганди.

Таъкидлаш жоиз, Рио Паралимпиадасида бўлгани каби Паралимпия Ўйинларида ҳам терма жамоа ҳисобига илк медални ҳам дзюдочилари келтиришган.

Ўзбекистон шу пайтгача Ёзги Олимпиада ва Паралимпиада Ўйинларида қўлга киритган жаъми 54 та медалидан 23 таси бугунга келиб айнан дзюдочилари ҳисобига тўғри келади.

Рио Паралимпиадасида эса, Ўзбекистонни рекорд сондаги - эркагу аёл жаъми 11 нафар дзюдочиси намоён этганди.

Рио Паралимпиадаси ва дзюдочилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

7 сентябр куни расман очилган XV Рио Ёзги Паралимпиада Ўйинларида паралимпиячи дзюдочилари Ўзбекистон ҳисобига энг кўп медаль келтирган спортчилари ҳам бўлиб туришибди.

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси Ўйинларнинг дастлабки олти кунида жаъми 24 та медаль қўлга киритган бўлса, шундан 10 таси дзюдочилари ҳиссасига тўғри келади.

Устига устак, Ўзбекистон ҳисобидаги олтита олтин медалнинг тенг ярмини ҳам дзюдочилари олишган. Бундан ташқари, терма жамоага Ўйинларнинг битта кумуш ва олтита бронза медалларини ҳам келтиришган.

Риодагиси Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси иштирок этаётган учинчи Ёзги Паралимпиада бўлса, жамоа шу пайтгача қўлга киритган ягона кумуш медалини ҳам дзюдочиси Шариф Халилов 2012 йилги Лондон Ўйинларида олган.

“Кутгандим. Тўғриси, болалардан 7 та олтин медали кутгандим. Чунки уларнинг ҳар бири биз билан бирга терма жамоада машқ қилиб юрган болалар-да. Мен паралимпиячи дзюдочилардан медаллар кутгандим. Чунки уларга ишонардим”, - дейди Ришод Собиров.

Ўйинларда Ўзбекистонни рекорд сондаги - жаъми 32 нафар паралимпиячиси намоён этмоқда.

Улар Рио Паралимпиадаси совринли ўринлари учун курашларини 17 сентябр кунига қадар давом этдиришади.

Рио Паралимпия Ўйинларининг ўзи эса, 18 сентябрга қадар давом этади.

Тошкентда рекордчи дзюдочиларни қандай қарши олмоқчисиз”, деган саволимизга: “Ўҳ-ҳууу...гапирманг, гапирманг...уларнинг ҳар бирига биттадан зарли тўн, биттадан гул...аэропортдан чиқишлари билан ўзимни уларнинг устларига отаман-да”, - дея жавоб бераркан, номдор дзюдочи суҳбатдошимиз ўз қувончларини яшира олмайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.