Рио-2016: 32 спортчи ва 30 та медаль

Александр Свечников Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўйинларнинг еттинчи кунига келиб, Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобидаги медалларнинг сони 30 тага етди.

Ўзбекистонлик паралимпиячилар 14 сентябр куни яна олтита: битта олтин, иккита кумуш ва учта бронза медалини қўлга киритишди.

Бу медалларни Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобига енгил атлетикачилари Сафия Бурхонова, Александр Свечников, Ҳусниддин Норбеков, сузувчилари Музаффар Турсунхўжаев, Муслима Одилова ва Шоҳсанамхон Тошпўлатовалар келтиришди.

Александр Свечников эса, 65.69 метрлик натижа билан найза ирғитиш баҳсларида Ёзги Паралимпия Ўйинларининг рекордини янгилади ва Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобига 7-олтин медалини келтирди.

Ўйинларнинг 8-кунига келиб, Ўзбекистон ҳисобидаги 7 та олтини дохил жаъми 30 та медали билан иштирокчи совриндор 71 давлат орасидан медаллар жадвалида 12-ўринни эгаллаб турибди.

Ядро ирғитиш баҳсларида Рио Паралимпиадасининг олтин медалини қўлга киритиш баробарида жаҳон рекордини ҳам янгилаган Ҳусниддин Норбеков эса, кеча чоршанба куни Ўйинларнинг бронза медалини ҳам қўлга киритди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Муслима Одилова кечаги ютуғи ортидан ҳисобидаги кумуш медалларининг сонини иккитага етказган бўлса, Музаффар Турсунхўжаев ва Шоҳсанамхон Тошпўлатовалар яна биттадан бронза медалилик бўлишди.

Бир томондан, Ўзбекистонни Рио Паралимпия Ўйинларида рекорд сондаги - жаъми 32 та спортчиси намоён этмоқда.

Аммо, бошқа тарафдан, бу 32 нафар спортчи Рио Паралимпиадасининг 58 та йўлланмасини қўлга киритишга муваффақ бўлишган.

Ўйинларнинг еттинчи кунига келиб, аллақачон медалларининг сони бўйича Марказий Осиёда энг зўр, собиқ Иттифоқ ва Осиё қитъасида иккинчи энг яхши натижани қайд этиб турган Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси медаллар учун курашини ҳали 17 сентябр кунига қадар давом этдиради.

7(8) сентябр куни расман очилган XV Рио Ёзги Паралимпия Ўйинлари 18 сентябр куни ёпилади.

Минтақа ва собиқ Иттифоқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Рио Паралимпиадасида Марказий Осиё минтақасини Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон намоён этишмоқда.

Марказий Осиё давлатлари орасидан медаллар жадвалида Ўзбекистондан кейин энг яхши натижа қайд этиб турган (50-ўрин) Қозоғистоннинг ҳисобида битта олтин ва битта кумуш медали бор.

Ўзбекистон билан бирга қўлга киритган медалларининг сони бўйича илғорлик қилаётган Украина эса, медаллар жадвалида ҳануз 3-ўринни эгаллаб турибди.

Украина Паралимпия терма жамоаси 31 та олтини дохил Ўйинларнинг 81 та медалини олишга муваффақ бўлган.

Беларус эса, ҳисобидаги 8 та медали билан медаллар жадвалида 15-ўрин, Латвия 2 та олтини дохил 3 та медали билан 37-ўрин, Озарбайжон 1 та олтини дохил 9 та медали билан 38-ўрин, Литва 2 та медали билан 50-ўрин ва Гуржистон 1 та медали билан 54-ўринни эгаллаб турибди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Ўйинларнинг дастлабки етти кунида қўлга киритган медалларининг сони бўйича Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси Рио Олимпиадасида тарихий натижа қайд ўзбекистонлик олимпиячиларни ҳам ортда қолдириб кетишди.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси шу йил август ойида бўлиб ўтган XXXI Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг 4 та олтини дохил жаъми 13 медалини қўлга киритишганди.

Рио Олимпиадасида боксчилари жамоа ҳисобига энг кўп - 7 та медаль келтириб, ўзига хос рекорд ўрнатган бўлишса, дзюдочилари Паралимпия Ўйинларининг 10 медалини қўлга киритиб, бу борада ҳам улар қайд этган тарихий натижани янада яхшилашга муваффақ бўлишди.

Медаллар жадвали пешқадами ҳисобидаги медалларнинг сони эса, 172 та етди. Шундан 75 таси олтин бўлади.

Жадвалда энг қуйи(71) ўринни эгаллаб турган Шри-Ланка ҳисобида эса, Ўйинларнинг битта бронза медали бор.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.