Рио-2016: Ўзбекистон рекорд натижа кўрсатди

Нозимахон Қаюмова Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон XV Рио Ёзги Паралимпиада Ўйинларини тарихий натижа билан якунлади:

32 та паралимпиячиси Ўйинларнинг 31 та медалини қўлга киритди.

Бу медалларнинг 8 таси олтин, 6 таси кумуш ва 17 таси бронза бўлади.

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси Риода қўлга киритган медалларининг сони бўйича Марказий Осиёда энг зўр, собиқ Иттифоқ ва Осиё қитъасида иккита энг яхши натижадан биттасини кўрсатди.

Ўзбекистонлик паралимпиячилар, бундан ташқари, Рио Ёзги Паралимпиадасида 3та жаҳон ва 3 та Ёзги Паралимпия Ўйинлари рекордини янгилашди.

Рио Ёзги Паралимпиадасида рекорд қўйиш бўйича Украина қаторида иккита энг яхши натижа кўрсатган собиқ Шўро давлатидан биттаси бўлишди.

Осиё қитъасида эса, рекорд қўйиш бобида Рио Паралимпия Ўйинларини ҳисобидаги 237 та медали билан медаллар жадвали пешқадами сифатида якунлаган Хитой билан деярли баробар натижа кўрсатишди.

Ўзбекистонлик паралимпиячи дзюдочилар эса, Ўйинларнинг 10 та медалини қўлга киритиб, илк бор бутун дунёда ўзига хос рекорд ўрнатишди - дзюдо бўйича Рио Ёзги Паралимпиада Ўйинлари медаллар жадвали илғорига айланишди.

Бунақаси на-да Ўзбекистон ва на-да Марказий Осиё Паралимпия Ўйинлари тарихида кузатилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
  • 1.Ҳусниддин Норбеков: (Ядро улоқтириш бўйича жаҳон рекордини янгилади;)
  • 2.Фотимахон Амилова: (Сузиш баҳсларида жаҳон ва Ёзги Паралимпиада Ўйинлари рекордини янгилади;)
  • 3.Александр Свечников: (Найза ирғитиш бўйича Ёзги Паралимпиада Ўйинлари рекордини янгилади;)
  • 4.Нозимахон Қаюмова: (Найза ирғитиш бўйича жаҳон ва Ёзги Паралимпиада Ўйинлари рекордини янгилади;) лар

Риода рекорд ўрнатган ўзбекистонлик паралимпиячилар бўлишди.

Рио Паралимпиадаси

Ўзбекистонлик паралимпиячилар Рио Ёзги Паралимпиадасида рекорд сонда иштирок этишган.

Устига устак, жаъми 32 нафар эканликларига қарамай, Ўйинларнинг 58 та йўлланмасини қўлга киритишганди.

XV Рио Ёзги Паралимпиадаси 7(8) сентябр куни расман очилган ва ўзбекистонлик паралимпиячилар Ўйинларнинг энг сўнггига қадар совринли ўринлар учун кураш олиб боришганди.

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобига сўнгги 31 нчи ва 8-олтин медалини кеча 17(18) сентябр куни бўлиб ўтган найза ирғитиш баҳсларида енгил атлетикачиси Нозимахон Қаюмова келтирган.

Нозимахон Ўйинларнинг олтин медалини олиш баробарида, жаҳон ва Ёзги Паралимпия Ўйинлари рекордини ҳам янгилаган.

Енгил атлетикачисининг сўнгги ютуғи ортидан, Ўзбекистон ҳисобидаги жаъми 31 та медали билан медаллар жадвалида 15-ўринни эгаллади ва Ўйинларни яна бир тарихий натижа билан якунлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Рио Ёзги Паралимпиадасида медалларни жамоа ҳисобига асосан дзюдочилари, сузувчилари ва енгил атлетикачилари келтиришди.

Риодагиси - Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси иштирок этган учинчи Ёзги Паралимпия Ўйинлари бўлган, бунгача жамоа фақат битта кумуш медали олишга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистонлик ғолиб паралимпиячиларга қанча миқдордаги мукофот пуллари кўзда тутилганига оид расмий хабарлар ҳозирча имконли эмас.

Аммо, Тошкентдан олинган айрим хабарларга кўра, уларга ҳам ўзбекистонлик Рио Ёзги Олимпиадаси совриндорларига берилган миқдорда мукофот пуллари сақланиб қолиши мумкин.

Ўзбекистон Олимпиада терма жамоаси ҳам Рио Ёзги Олимпиадасида тарихий натижа қайд этган, жамоа ҳисобида жаъми 13 та медали билан Тошкентга қайтган 23 август куни ҳозирда марҳум президент Ислом Каримов уларни мамлакат тарихида кузатилмаган миқдордаги пул мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Президент фармонида Рио Олимпиадаси олтин медали совриндорларини 200.000 АҚШ доллари, кумуш медали совриндорини 100.000 АҚШ доллари ва бронза медали совриндорини 75.000 АҚШ доллари билан мукофотлаш кўзда тутилганди.

Бунинг ортидан, президент Ислом Каримов уларни давлат мукофотлари билан тақдирлашга ҳам фармон берганди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси бунга қўшимча олимпиадачиларга Chevrolet "Малибу" русумидаги автомобиллар калитларини ҳам топширганди.

Ўзбекистонлик паралимпиячилар эса, Рио Ёзги Паралимпиадасидаги иштирокларини президент Ислом Каримов вафотидан 5 кун ўтиб бошлашганди.

Жорий пайтда, Сенат қарорига мувофиқ, Ўзбекистонга мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев муваққат президентлик қилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Рио ва Марказий Осиё

Рио Ёзги Паралимпиадасида Марказий Осиёни Ўзбекистондан ташқари яна Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон намоён этган. Қирғизистон эса, Ўйинларда умуман иштирок эта олмаганди.

Қозоғистон ҳисобидаги битта олтин ва битта кумуш медали билан Риода Ўзбекистондан кейин энг яхши натижа кўрсатган иккинчи минтақа давлатига айланди.

Тожикистон ва Туркманистон эса, Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларини бирор бир медалсиз якунлашди.

Қўшни Афғонистон эса, Ўйинларда битта енгил атлетикачиси билан иштирок этган, аммо Муҳаммад Наим Дурроний ҳам Рио Ёзги Паралимпиадасининг бирор бир совринли ўринларига кўтарила олмади.

Украина эса, Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларида энг яхши натижа қайд этган собиқ Иттифоқ давлати бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина Ўйинларни жаъми 117 та медал билан якунлаб, медаллар жадвалида юқори учликка киришга муваффақ бўлди.

Умумжамоа ҳисобида эса, Хитой ва Буюк Британия (Шимолий Ирландия) XV Рио Ёзги Олимпиадасида энг яхши натижа қайд этган дунёнинг иккита давлати бўлишди.

Хитой Ўйинларни жаъми 237 та, Буюк Британия (Шимолий Ирландия) эса, 147 та медаль билан якунлашди.

2020 йилги Ёзги Паралимпия Ўйинларига эса, Япониянинг Токиоси мезбонлик қилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.