Шаҳрам ва Криштиану: Футболми ёки бокс?
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Шаҳрам ва Криштиану: Футболми ёки бокс?

Криштиану Рональду Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўз вазн тоифасида Ёзги Олимпиада Ўйинларининг илк кумуш медали совриндори, ўзбекистонлик боксчи Шаҳрам Гиясовнинг айтишича, жаҳон футболи юлдузи Криштиану Рональдунинг сўнгги икки ютуғидан ҳам хурсандчилигининг чеки йўқ.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Португалия миллий терма жамоаси ва Испания "Реал"(Мадрид) қироллик клубининг "юзи" яқинда ўз карьерасида тўртинчи бор "Жаҳоннинг энг зўр футболчиси", деб топилган.

Криштиану Рональду "Олтин тўп" учун курашда бу йил ўзининг "ашаддий ва азалий рақиби", жаҳон футбол олами сара юлдузларидан бири кимсан Лионель Мессини ортда қолдириб кетганди.

Бунинг ортидан, айнан ўзининг хет-трики билан Криштиану Рональду финал учрашуви қаҳрамонига айланган ўйинда "Реал"(Мадрид) ўз тарихида иккинчи бор клублар ўртасида жаҳон чемпионига айланганди.

"Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси орасида ҳам Криштиану Рональдунинг мухлислари кўп. Айниқса, ўзим унинг жудаям бир ашаддий ишқибозиман", - дейди Шаҳрам Гиясов Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Криштиану Рональдуга "Олтин тўп" топширилиши маросими ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалини қаерда, кимлар билан томоша қилдингиз, деган саволимизга эса, Шаҳрам, "Албатта, ашаддий мухлиснинг уйида бўлади-да, менинг уйимда томоша қилдик", - деркан, ўз кулгуларини яшира олмайди.

"Болалар билан бундан жуда ҳам бир хурсанд бўлдик. Мазза қилиб, бирга ўтириб, нишонладик", - дейди у хурсандлик билан.

Криштиану Рональдучасига

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шаҳрам Гиясов айнан ўзи кумуш медалини қўлга киритган Рио Олимпиадасида қозонган ҳар бир ғалабасини рингнинг ўзида туриб, Криштиану Рональдуча услубда нишонлаб, қарамаганни ҳам ўзига қаратган.

Ўзининг бу хатти-ҳаракати билан жаҳоннинг қатор йирик спорт нашрлари диққат-эътиборини ҳам ўзига тортганди.

Бунга Криштиану Рональдунинг шахсан ўзи ҳам бирор бир муносабат кўрсатдими, деган саволимизга эса, Шаҳрам, "Ҳа, "Реал"(Мадрид) клуби ўзининг Instagram даги расмий аккаунтида ёзиб, табриклади. Криштиану Рональду билан иккаламизнинг хатти-ҳаракатимиз акс этган суратни ҳам жойлади", - дейди совриндор боксчи суҳбатдошимиз.

Жаҳон футбол олами юлдузлари орасидан нега айнан Криштиану Рональдуга ишқибозлик қилиши саволига келганда, Шаҳрам, ""Реал"(Мадрид) клубига ёшлигидан мухлислик қилгани, ўзини майдонда қандай тутиши, одамгарчилик каби хислатлари учун бу футболчига меҳри тушиб қолгани"ни айтади.

Ўзбекистонлик бу боксчи суҳбатдошимизга кўра, "Криштиану Рональду билан шахсан учрашиш - ҳаётидаги энг катта ниятларидан бири бўлади".

"Албатта, бу ниятим жуда ҳам кучли. Ҳеч бўлмаса, битта расмга тушиб, қўлини ўпиб қўйсам, жудаям хурсанд бўлган бўлардим", - дейди у.

Ўзининг Рио рингларидаги боксчилик маҳорати ва қобилияти билан тилга тушган бу суҳбатдошимизнинг эътироф этишича, "боскчи бўлмаганида, албатта, футболчи бўлган бўларди".

"Чунки футболни жуда ҳам яхши кўраман", - дейди Рио Олимпиадаси кумуш медали совриндори Шаҳрам Гиясов.

Криштиану Рональду ва Ўзбекистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Жаҳон футбол оламининг бу номдор юлдузи Ўзбекистон футбол аҳлига бевосита таниш, пойтахт Тошкентга шахсан ташриф буюрган футболчилардан бири бўлади.

2009 йилда Криштиану Рональдуни Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Васийлик Кенгаши раиси бўлгани айтилувчи Фонд Форум Тошкентга таклиф қилгани, бу юлдуз футболчи билан ҳамкорликка оид меморандум имзолашга муваффақ бўлганини расман маълум қилганди.

Жамғарма ўшанда буни Ўзбекистондаги ёш спортчиларнинг маҳоратларини ошириш мақсадида қилганини айтганди.

Испаниянинг "Реал"(Мадрид)и "Барселона" билан бирга катта сондаги ўзбекистонлик футбол ишқибозлари жон куйдириб мухлислик қилувчи саноқли хорижий клублардан бири ҳам бўлади.

Испаниянинг бу қироллик клуби орада Ўзбекистонда ўзининг Марказий Осиёдаги илк футбол академиясини очиш истагида эканини ҳам маълум қилганди.

2014 йилги Испания Кубоги финалида "Реал"(Мадрид)нинг азалий рақиби забардаст "Барселона" устидан қозонган ғалабаси пойтахт Тошкентда қандай нишонлангани эса, маҳаллийси қолиб, қатор минтақавий нашрларнинг ҳам диққат-эътиборига тушган.

"Реал"(Мадрид)нинг ғалабаси Тошкентнинг Тахта бозорида "ғирт ўзбекчасига": хосан таклиф этилган ва дўппию зарбоф тўнда бўлган созандалар гуруҳи бутун бозорни карнай-сурнай садоларига тўлдирган ҳолда байрам қилинган.

Мазкур ҳолат ўшанда Ўзбекистон ишқибозлик тарихида бунақаси бўлмаган, дея эътирофларга ҳам сабаб бўлганди.

Португалиялик 31 ёшли сара ҳужумчи эса, бугун футболга бефарқ бўлмаган аксарият томонидан ҳақли равишда жаҳондаги иккита энг зўр ўйинчидан биттаси деб тан олинади.

Криштиану Рональду 2009 йилда дунёдаги энг қиммат биринчи футболчи сифатида ҳам тарихга кирган.

Португалиялик футбол юлдузи ўзининг Ғазо Бўлгасидаги хайрияпарварлик ишлари билан ҳам араб дунёсида анча ном чиқарган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.