Ўзбекистон термаси Сурияга ютқазди

ўзбек футболчилари Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон Чемпионати саралаш босқичида сафарда Сурия термасига мағлуб бўлди. Суст кечгани айтилаётган ўйинда Сурия футболчилари қўшиб берилган дақиқаларда пеналтидан гол уриб ғалабани илиб кетган. Ўйин 1-0 ҳисобида якунланган.

Сурия уруш гирдобида бўлгани боис ўйин Малайзиянинг Мелекка шаҳрида бўлиб ўтган. Олти ўйиндан сўнг Ўзбекистон термаси 9 очко жамғарган ҳолда учинчи ўринда кетмоқда. Ўзбекистондан юқорида турган Жанубий Кореяда 10 очко бор. Ўзбекистонни таъқиб қилиб келаётган Сурияда 8 очко бор.

Ўзбекистон термаси 2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати финал босқичида тўғридан тўғри иштирок этиши учун гуруҳда камида иккинчи ўринни олиши керак. Гуруҳда учинчи ўринни олган жамоа яна қўшимча ўйинларда рақибларга дуч келади.

Ўзбекистон иштирок этаётган гуруҳда Эрон 11 очко жамғарган ҳолда биринчи ўринда бормоқда.

Малайзиядаги иссиқ ва нам иқлим икки давлат футболчиларига ҳам ноқулайлик туғдиргани айтилмоқда. Ўйин ҳам об-ҳавога мос равишда ўта суст ўтгани айтилмоқда.

Тошкентда бўлган илк учрашувда Ўзбекистон футболчилари 1-0 ҳисобида Суриядан устун келганди. Ўшанда ғалаба тўпини Александр Гейнрих киритганди.

Ўйинни телеэкран қаршисида кузатган терма жамоа ҳимоячиси Виталий Денисов, Ўзбекистон термасининг имконияти пасайиб кетганини, аммо охиригача курашишлари ҳақида Twitter орқали ёзган.

Умуман ўйин олдидан Ўзбекистон жамоаси фаворит сифатида кўрилаётган эди. Уруш ҳолатида бўлган терма жамоага ютқизиб қўйиш, ўзбекистонлик мухлисларнинг ғазабига сабаб бўлган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, нурсиз ўйин ортидан терма жамоа мураббийи Самвел Бабаяннинг истеъфосини сўраб фикр қолдиришган.

Уларнинг айримлари Бабаянни терма жамоа ўйинларига нолойиқ мураббий эканлигини, у терма жамоадан кўра кўпроқ "Пахтакор" клуби манфаатларини кўзлаб иш қилаётганидан шикоят қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг