‘Криштиану Рональдуга ўхшамайди...’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Жаҳон, Португалия ва Испания "Реал"(Мадрид) қироллик жамоаси юлдузининг Мадейра оролида ўрнатилган ҳайкали ишқибозларнинг худди ана шундай баҳоларига сабаб бўлмоқда.

Аксарият ижтимоий-мулоқот тармоқлари фойдаланувчилари наздларида, янги ҳайкал Криштиану Рональдудан кўра кўпроқ Ирландия миллий терма жамоаси собиқ сардори Нил Куиннга ўхшайди.

Номи расман Мадейра аэропортига берилиши ортидан, оролдагилар юлдуз футболчига ҳайкал ўрнатишгани ҳам маълум бўлганди.

Маросим чоршанба куни бўлиб ўтган, унда иштирок этиш учун учиб келган Криштиану Рональдуни қарши олиш мақсадида Мадейрага шахсан Португалия президенти ва Бош вазири ҳам ташриф буюришганди.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Президент Марсело ди Созанинг айтишича, Рональду "Мадейра ва Португалияни дунёда ҳаммадан кўра кўпроқ намоён этади".

32 ёшли юлдуз футболчи Мадейрада маҳаллий қаҳрамон, уни бу ерда кўкларга кўтаришади.

Она шаҳри Фуншалда эса, Криштиану Рональдуга атаб бундан анча аввал музей ҳам очишган.

Номдор футболчи энди номи Мадейра аэропортига берилганидан ҳам "мамнун экани ва бундан шараф туйгани"ни ёзиб, твит қилган.

Аммо Криштиану Рональду бу каби шарафга нойил кўрилган биринчи футболчи эмас.

2006 йилда, яъни ўлимидан йил ўтиб, Белфаст аэропортига Англиянинг қизил иблислари юлдузи, асли Шимолий ирландиялик Жорж Бестнинг номи ҳам берилган.