Мессига ўхшагани учун қамалишига бир баҳя қолди

Чапда Ризо Парасташ, ўнгда Лионел Месси. Ёки аксинчами? Ўзингиз қарор қабул қилинг Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Чапда Ризо Парасташ, ўнгда Лионел Месси. Ёки аксинчами? Ўзингиз қарор қабул қилинг!

Эронлик талаба Ризо Парасташ дунёдаги машҳур футбол ўйинчиси Лионел Мессига ўхшагани учун полиция идорасига олиб кетилди.

Ҳодиса Эроннинг Ҳамадон шаҳрида юз берган.

Ҳамадон кўчасида "Барселона" футбол клуби кийимидаги "Месси"ни кўриб қолган одамлар у билан бирга суратга тушишни илтимос қилишди.

Одамлар шу даражада кўпайиб кетдики, полиция жамоат тартибини издан чиқаргани учун Ризо Парасташни полиция идорасига олиб кетди, автомобили яна қатновни тўхтатиб қўймасин, деб машинаси мусодара қилинди.

Ризо Парасташнинг фотосурати дунёда ҳам машҳур бўлиб кетди, ҳатто Eurosport UK Твиттердаги Ризонинг фотосуратини олиб Лионел Месси деб эълон қилиб ҳам юборди.

Ҳаммаси бир неча ой олдин Ризонинг отаси, "кел Барселона 10" кийимида бир расмга туш", деганидан кейин бошланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ҳамадон кўчасида "Месси" билан бирга эсдаликка расмга тушишни истайдиган одамларнинг сони кўпайиб кетди

Шундан кейин 25 яшар талаба сочини ҳам Мессиникидек олдириб, соқолини ўстирган.

"Энди одамлар менда эронлик Мессини кўришади ва мендан Мессиникига ўхшаган қилиқлар қилишимни хоҳлашади. Мабодо бирор нарса кўрсатсам, одамлар чиндан ҳам ҳайратга тушишади", деб айтган Ризо Парасташ "Франс Пресс" ахборот агентлигига.

"Одамларнинг хурсандчилиги мени ҳам хурсанд қилади ва менга янада кўп қувват беради", деб айтган Ризо Парасташ.

Охирги вақтда Ризо билан интервью қилишни истаган оммавий ахборот воситаларининг сони ҳам кўпайиб кетди, ҳатто моделликка оид шартнома ҳам имзолашга улгурди.

Ризонинг сўзларига кўра, ҳозир у ўзининг футбол техникасини янада мукаммалаштириш устида ишламоқда ва яқин орада Месси ролини янада яхшироқ ижро эта олади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02