Усмонов "Арсенал"нинг 97% акциясига эгалик қилмоқчи

Усманов Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Усмонов "Арсенал"нинг омадсизлигида мураббий билан раҳбариятни ҳам айблайди

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов америкалик магнат Стэн Кронкега Лондоннинг "Арсенал" клуби 67% акцияларини 1,3 миллиард долларга сотиш таклифи билан чиққан. Бу ҳақда Financial Times ёзмоқда.

Айни дамда Алишер Усмонов клубнинг 30 фоиздан ортиқроқ ҳиссасига эгалик қилади. Кронке акцияларни сотган тақдирда ўзбек миллиардери ўз ҳиссасини 97 фоизга етказиб олади.

Financial Times ёзишича, Кронке акцияларни сотишга қизиқмаётганини кўрсатиб, Усмоновнинг таклифига жавоб бермаган. Нима бўлган тақдирда ҳам Кронке ёзма равишда жавоб бериши керак.

Усмонов апрель ойида клубнинг бу мавсумдаги омадсизлигига фақат мураббий Арсен Венгер эмас, балки директорлар кенгаши билан Кронке ҳам айбдор эканлигини айтиб чиққан эди.

Усмонов клуб кенгашидан чиқариб юборилган ва қарор қабул қилишда иштирок этмайди.

Айни дамда "Арсенал" Англия чемпионатида бешинчи ўринда кетмоқда ва сўнгги 20 йилда илк бор УЕФА Чемпионлар лигасида иштирок эта олмаслиги мумкин. Бу клубга ўртача 50 миллион фунт зарар келтириши мумкин.

Алишер Усмонов бир неча маротаба "Арсенал" клуби раҳбариятини танқид қилган ва клуб суперюлдузларни сотиб олиши кераклигини таъкидлаб келади. Усмоновга кўра, "Арсенал" етакчи футболчилар билан шартнома тузмасдан ғалаба учун эшикларни ўзи ёпмоқда.

Ўтган йилнинг февраль ойида Алишер Усмонов клубдаги ҳиссаларини 21 фоиздан 30 фоизга кўпайтириб олган. Ўшанда у эронлик тадбиркор Фарад Моширнинг акцияларини сотиб олганди.

Бу мавзуда батафсилроқ