Погба Маккада: ‘Бунақа гўзалликни умримда кўрмаганман’

Пол Погба Фото муаллифлик ҳуқуқи Instagram

Жорий пайтда дунёдаги энг қиммат футболчи саналувчи Пол Погба мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойининг илк кунларида кичик Ҳаж ёки Умра зиёратини адо этган.

Франция миллий терма жамоаси ва Англиянинг қизил иблислари сара ўйинчиси ўзининг Маккаи Мукаррамада тушган суратини якшанба куни бошқалар билан бўлишган.

Ўзининг 'Instagram'даги аккаунтида чоп қилган сурати остига эса, "Бунақа гўзалликни умримда кўрмаганман", деган сўзларни битган.

Бу ҳақдаги видеолавҳамизни ҳам назардан қочирманг.

Пол Погба, бундан ташқари, твит қилиб, ҳаммани Рамазон билан қутлаган.

Ҳозир 24 ёшда бўлган Погба ўтган йил дунёнинг энг қиммат футболчисига айланган.

"Манчестер Юнайтед" футболчи учун Италиянинг "Ювентус"ига оз эмас, кўп эмас, нақ £89 миллион фунт стерлинг санаб беришга рози бўлганди.

Шундоққина Рамазон арафасида унинг жамоаси бу йилги Европа Лигаси кубогини қўлга киритган.

Футбол мавсуми тугаши билан эса, Погбанинг Умра зиёрати илинжида экани аён бўлган.

Унинг ўзи жомадонлари билан бирга тушган қисқа видеосида бу ҳақда маълум қилган.

Агар, хабарларга таянилса, Пол Погба бундан аввал ҳам Маккаи Мукаррамада бўлган, Ҳаж зиёратини адо этишга ҳам улгурган.

Дунёнинг энг қиммат ўйинчиси Ўзбекистон футбол аҳлига ҳам яхши таниш.

Ўзбекистон ёшлар миллий терма жамоаси 2010 йилги жаҳон чемпионати чорак финалида айнан бугунги юлдузи Пол Погба сардорлик қилган франциялик рақибларига қарши майдонга тушган.

Аммо улардан 0:4 ҳисобида мағлуб бўлганди.

Бу - Ўзбекистон ёшлар миллий терма жамоасининг ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатининг чорак финалига чиқиши бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02