Эрон-Ўзбекистон: Ҳал қилувчи ўйинда рўза панд бериши мумкинми?

Ўзбекистон футболчилари Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бу икки миллий терма жамоа ўртасидаги Осиё минтақасидан 2018 йилги жаҳон чемпионати якуний босқич саралаш беллашувларининг 8-тур учрашуви мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойига тўғри келмоқда.

Видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Бу ойда ёши, соғлиғи ва имконияти кўтарган барча мусулмонларнинг саҳардан шомгача рўза тутишлари тақозо этилади.

Айниқса, Исломий Республика экани боис, Эронда бу масалага расман ва қонуний нуқтаи назардан қаралади.

Устига устак, бу йил Рамазон ҳар икки давлат учун ҳам ёзнинг жазирама иссиқ кунларига тўғри келган.

Хабарларга кўра, Эрон миллий терма жамоаси бу ўйинга "ёпиқ эшиклар" ортида ҳозирлик кўрган.

Худди шу боис ҳам, ўйинчиларидан қанчасининг рўза тутган-тутмагани масаласи журналистлар учун ноаён қолган.

Аммо, айрим хабарлардан маълум бўлишича, шу пайтгача Рамазон ва рўза мавзуси футболчи ва мураббий ўртасида индивидуал тарзда ҳал қилиб келинган.

"Мен, масалан, клубларда ишлаган пайтларимда, баъзи бир ўйинчиларнинг рўза тутганликларини кўрганман. Лекин бу клуб миқёсида, маҳаллий даражада, мураббийлар ҳам уларга қаршилик қилишмаган".

"Мен бу нарсанинг ичига кирмаганман терма жамоада. Лекин, менинг назаримда, биринчи навбатда, ҳозир Ватан манфаати устун туради", - дейди Тошкентдан етакчи спорт шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев.

Теҳрондаги ғалаба Ўзбекистоннинг ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини сақлаб қолади.

Ютган тақдирда, Эрон муддатидан илгари ва қитъадан 2018 йилги жаҳон чемпионатига чиққан биринчи жамоа бўлади.

"Шу боис, Эроннинг рўза тутиб, жисмоний жиҳатдан оқсаб қолиши, деган масала биринчи ўринга чиқмайди, менимча...", - дейди суҳбатдошимиз.

"Шунинг учун ҳам, Ўзбекистон бу баҳсга жудаям ва ҳамма томонлама тайёргарлик кўраяпти".

Икки рақиб миллий терма жамоа ўртасидаги Теҳрондаги учрашув бугун Тошкент вақти билан кеч соат 21:45 да бошланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02