‘Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқади, фақат...’

Ўзбекистон терма жамоаси Фото муаллифлик ҳуқуқи Chung Sung-Jun/Getty

"А" гуруҳи якуний босқич саралаш беллашувларининг сўнгги икки учрашувида ғалаба қозона олса".

"Шуниси қизиқки, бизларда ҳар доим имконият бўлган. Ҳар битта турдан кейин, ҳар битта мағлубиятдан кейин, барибир ҳам, имконият бўлган. Шу жиҳатдан олиб қараганда, ҳали тўғридан-тўғри чиқиш имкониятимиз ҳам йўқолмаган", - дейди Эронга қарши душанба кунги ҳал қилувчи ўйиндаги мағлубият ортидан Тошкентдан етакчи спорт шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев.

Осиё минтақасидан 2018 йилги жаҳон чемпионати якуний босқич саралаш беллашувларининг 8-тур учрашуви Теҳронда бўлиб ўтган, Ўзбекистон миллий терма жамоаси эронлик рақибларига 2:0 ҳисобида мағлуб бўлганди.

Душанба кунги ғалабаси ортидан, Эрон муддатидан илгари жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритган биринчи Осиё қитъаси вакили бўлган.

Ўзбекистон эса, муҳим уч очкони йўқотиб, гуруҳда Эрон ва Жанубий Кореядан кейин яна учинчи ўрин билан кифояланиш мажбурияти остида қолган.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Ўзбекистон нималарни кўзламоқда? - Ўзбек футболи афсонаси фикрлари.

Бу босқичда ўз гуруҳида фақат биринчи ва иккинчи ўринни олган жамоаларгина жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқиш ҳуқуқини қўлга киритишади.

Учинчи ўринни эгаллагани эса, яримта йўлланма учун курашда аввал Осиё қитъаси, унда ғалаба қозонган тақдирда, қитъалараро плей-офф босқичида ўзини кўрсатиши керак бўлади.

Ўзбекистон ўзи учун ҳаёт-мамот бўлган сўнгги икки учрашувидан дастлабкисини сафарда Хитой ва якунийсини ўз майдонида Жанубий Кореяга қарши ўтказади.

Етти ўйиндан 13 очко жамғариб турган Жанубий Корея ҳисобида ҳали ўйналмаган учта ўйин бор.

Гуруҳда Ўзбекистондан кейин 8 очко билан тўртинчи ўринни эгаллаб турган Сурия ҳам шу жумладан.

Аксарият футбол шарҳловчиларининг бирдек эътироф этишларича, "А" гуруҳи ихтиёрида қолган бир яримта йўлланманинг тақдири кўп-да ана шу икки миллий терма жамоа бугун ўтказажак 8-тур учрашувлари натижаларига ҳам боғлиқ бўлади.

Аммо, шунда ҳам, Тошкентдан шарҳловчи суҳбатдошимиз, "Бу оддий арифметика. Яъни, қолган икки ўйинда ғалаба қозонсак, гуруҳда ўша иккинчи ўринни эгаллашимиз мумкин бўлади", - дейди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02