ЖЧ-2018: Ўзбекистон энди жаҳон чемпионатига аниқ чиқадими?

Ўзбекистон терма жамоаси Фото муаллифлик ҳуқуқи KARIM JAAFAR/Getty

"Бизнинг ("А" гуруҳида - таҳр.) учинчи ўрин учун баҳс олиб боришимиз кўпроқ ҳақиқатга яқинлашган эди. Кечаги натижалардан кейин, энди, ҳатто, иккинчи ўрин учун ҳам имконият бор", - дейди худди шу саволга жавоб бераркан Тошкентдан етакчи спорт шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Осиё минтақасидан 2018 йилги жаҳон чемпионати якуний босқич саралаш беллашувлари 8-тур учрашувида Эронга қарши қайд этган мағлубияти ортидан, Ўзбекистон учун гуруҳдаги 13 июн кунига белгиланган қолган икки жуфтлик ўйинлари натижаси муҳим аҳамият касб этган.

Қатарга қарши сешанба кунги 8-тур учрашувига қадар Жанубий Корея етти ўйинидан жаъми 13 очко жамғарган ҳолда гуруҳда Эрондан кейин 2-ўринни эгаллаб турган.

Ўзбекистондан кейин 4-ўринда бораётган Сурия ҳисобидаги очколарнинг сони эса, 8 тани ташкил этган.

Гуруҳдаги бу каби ҳолат кечаги ўйин арафасида 12 очко билан 3-ўринда қолган Ўзбекистоннинг ҳатто яримта йўлланма учун кураш олиб бориш имкониятларини хавф остида қолдирганди.

Аммо кутилмаганда Жанубий Корея сафарда драматик кечган ўйинда (3:2) Қатарга енгилган, Сурия эса, Хитой билан дуранг (2:2) натижа қайд этган.

Аксарият футбол аҳли учун кутилмаган бу каби натижалар ортидан, Ўзбекистоннинг келаси йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти янада яхшиланган.

Миллий терма жамоа якуний босқич саралаш беллашувларининг сўнгги икки тур учрашувида ғалаба қозонган тақдирда, "А" гуруҳига ажратилган иккинчи йўлланмани ўзига деярли нақд қилган.

Ўзбекистон учун ҳаёт-мамот масаласини касб этган бу ўйиндан биринчиси шу йилнинг 31 август кунига, сўнггиси эса, 5 сентябрга режаланган.

Миллий терма жамоа аввал сафарда Хитойга қарши майдонга тушса, бунинг ортидан, Жанубий Кореяни Тошкентда, ўз уйида қабул қилади.

Бу икки миллий терма жамоани мағлуб этган тақдирда эса, Ўзбекистон ўз тарихида биринчи бор жаҳон чемпионатига чиқади.

Шундай экан, бу вазифани уддалаш қанчалик осон бўлади? - Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шу савол билан яна Тошкентдан етакчи спорт шарҳловчиси Аброр Имомхўжаевга мурожаат қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02