Лондонда яшаётган ўзбекистонлик ўсмир ўзи, футбол ва мактаби ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи firdavs zamon
Image caption Арсенал

Ассалому алайкум!

Мен Британияда яшаётган асли ўзбекистонлик ўсмирман, ўз туғилган юртимда эса қариндошларим, тенгдошларим ва дўстларим бор.

Мен Арсеналнинг ашаддий ишқибозиман! Ўз командам билан фахрланаман.

Ўзбекистонда қолган кўплаб дўстларим мендан Британияда, хусусан, Лондондаги тенгдошлари қайси спорт турларига қизиқиши ҳақида сўрашади.

Лондондаги мактабларда спорт билан шуғулланиш рағбатлантирилади. Ишонсангиз, болалар ва ўсмирлар орасида семизлик ҳақида матбуот тез-тез ёзиб туради.

Кўпчилик биз ўсмирларни ўз смартфонлари, планшетларига қул бўлиб қолган, уйдан ташқарига чиқмайдиган носоғлом авлод бўлиб етишаётганимиздан нолийди.

Менинг назаримда, аслида ҳаммаси ҳам бу қадар дабдала ҳолатда эмас.

Масалан, менинг ўзим ҳафтада уч мартагача футбол ўйнайман.

Синфимиздагилар, рост, асосан ўғил болаларнинг аксарияти мен каби футбол "жинниси"!

Бу энг гўзал ўйинга деярли ҳамма ошиқ, ҳар қалай бизнинг оиламиз ва дўстларим орасида футболга қизиқмайдиганлар жуда ҳам оз.

Ҳар бир туманда ўзининг футбол академияси бор.

Мен учун ўзимнинг академиям иккинчи уйимга айланиб қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи firdavs zamon
Image caption Стадиондаман ;)

Майли, мақтаниш деб ўйламасангиз, яна бир гап айтаман... Мен Арсенал ўйинларидан бир нечасини стадионда томоша қилдим!

Рост, билетлари қиммат, аммо мен бир гал ўзимга ота-онам ажратадиган ҳафталик "чой" пулидан тежадим!

Бошқа сафар эса қариндошларим хурсанд қилишди, Арсеналга билет олиб беришди...

Футболни илк бор стадионда томоша қилганим ҳеч ёдимдан чиқмайди, ўшанда 12 ёшда эдим.

Худди учиб юргандай бўлганман.

Лекин яна бир нарсани айтсам...Инглиз футбол ишқибозлари жуда сўкинғоч бўлишар экан!

Аммо бунга ҳам кўникиб кетасиз!

Футбол ўз йўлига, бадантарбия ҳам бор!

Футболдан кейин сузишга қизиқадиганлар кўп, албатта рэгби ҳам бор.

Агар менинг мактабимда ўқисангиз ва спортзалга аъзолик билетингиз бўлса, тамом сиз қарийб юлдузга айланасиз.

Бадантарбия, бодибилдинг ҳозир кўплаб ўсмирлар орасида машҳур.

Ҳамма танасининг кўркам бўлиши қайғусига тушгандай...

Аммо мен яна китоб ўқишни яхши кўраман, теннис билан ҳам шуғулланиб тураман...

Уйимиз ёнида каттагина парк ва кўл бор. Бу сафарги ҳикоямда ўша парк ва кўлда ҳам спорт билан шуғулланиш имкониятлари ҳақида ҳикоя қиламан.

Сиз эса саволларингиз йўлланг! Уларга имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиламан, айниқса бу саволлар спорт ва футболга боғлиқ бўлса ...

Bi-bi-si O'zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog'lanishni istasangiz, telefonimiz: +44 78-58-86-00-02

uzbek@bbc.co.uk