Владимир Кличко яна ғалаба гаштидан масрур

Владимир Кличко

Профессионал боксда энг оғир вазн тоифасида WBO, IBO ва IBF йўналишлари бўйича Жаҳон чемпионлиги камари яна Владимир Кличкода қолди.

Владимир Дюссельдорфда бўлиб ўтган жангда бу гал америкалик рақиби Эдди Чемберсни ер тишлатди.

Украиналик донгдор боксчи бундан аввал ўзбекистонлик таниқли рақиби, пофессионал боксда энг оғир вазн тоифаси бўйича Жаҳон чемпиони Руслан Чагаевни мағлуб этганди.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, бу Русланнинг профессионал рингдаги илк мағлубияти эди.

Владимир Эдди Чемберсни якуний 12-раундда техник нокаут билан енгган. Чап қўли билан берган кучли зарбаси рақибини ер тишлатган.

Esprit Arena стадионида бўлиб ўтган жангга эллик мингдан ортиқ томошабин йиғилган.

Ғалабага бўлган ишонч

Жанг-ку, жанг, лекин ҳали икковлон рингга тушмасларидан бурун ҳамма мутахассислар Владимирга омад кулиб боқишини башорат қилишганди.

33 ёшли украиналик боксчи бу билан IBF йўналиши бўйича чемпионлик камарини саккизинчи, WBO йўналиши бўйича эса, тўртинчи марта ҳимоя қилишидир.

27 ёшли америкалик учун эса, сўнгги мағлубияти профессионал рингда учраган иккинчисидир. Эдди бундан олдин ўтказган 35 та жанггида ғалаба қозонган.

Владимир ҳисобидаги ғалабалар сони 54 тага етган. У шулардан 48 тасида рақибини нокаут билан мағлуб этган. Профессионал боксда бор-йўғи 3 маротаба панд еган.

Украиналик боксчининг бундан кейинги рақиби IBF йўналиши бўйича чемпионлик даъвосида бўлган россиялик Александр Поветкин бўлиши мумкин.

Россия матбуотининг ёзишича, Владимир Кличко сўнгги жангдаги ғалабаси ортидан 7 миллион доллар, Эдди Чемберс эса, 1.5 миллион долларлик бўлиб қолишган.