Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Жаҳон чемпионлиги учун жангда кейинги рақибим албатта Девид Ҳей бўлади'

Image caption Ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаев шу йилнинг 22 май куни яна рингга тушади

Профессионал боксдаги илк мағлубияти ортидан қарийб бир йил ўтиб, ўзбекистонлик таниқли боксчи Руслан Чагаев 22 май куни яна рингга тушади.

Профессионал боксда энг оғир вазн тоифаси бўйича собиқ Жаҳон чемпиони Руслан Чагаев чемпионлик камарига қайта даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун австралиялик боксчи Кали Мианга қарши жанг олиб боради.

Ҳозир айни вазн тоифаси бўйича чемпионлик камари яқинда Русланнинг рингдаги ашаддий рақиби бўлган россиялик боксчи Николай Валуевни маҳв этган британиялик боксчи Девид Ҳейдадир.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи бундан аввалги жангини ўтган йили Олмонияда бўлиб ўтган жангда украиналик рақиби, профессионал боксда WBO, IBF, IBO йўналишлари бўйича Жаҳон чемпиони Владимир Кличкога ютқазиб қўйганди. Бу 30 ёшли Русланнинг профессионал боксдаги илк мағлубияти бўлди.

Руслан ўз чемпионлик камарини ҳимоя қилиш учун аслида россиялик боксчи Николай Валуев билан ўша йилнинг май ойида рингга тушиши керак эди.

Бироқ ўзбекистонлик таниқли боксчи Финляндия Бокс федерациясининг тиббий талабларига жавоб бера олмагани сабаб, икковлон орасидаги жанг нақ учрашув арафасида бекор қилинганди.

Биз бўлажак жанг арафасида Руслан Чагаев билан боғланиб, нега тўридан-тўғри Девид Ҳейнинг ўзига даъват билан чиқмадингиз, деб сўрадик.