Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Чагаев: 'Девидми ёки Руис, менга ким ғолиб чиқишининг фарқи йўқ'

3 апрел куни профессионал боксда энг оғир вазн тоифаси бўйича Жаҳон чемпиони британиялик боксчи Девид Ҳей ва пуэрторикалик боксчи Жон Руис орасидаги жангда ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаевнинг бўлажак рақиби аниқланиши мумкин.

Девид ўтган йил ноябр ойида айни вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони Руслан Чагаевнинг ашаддий рақиби Николай Валуевни ер тишлатиб, чемпионлик камарини қўлга киритганди. Руслан Чагаев эса, чемпионлик унвонига қайта даъвогарлик ҳуқуқини қўлга киритиш учун 22 май куни австралиялик боксчи Кали Мианга қарши рингга тушади. Куни-кеча профессионал боксда бири WBC йўналиши, бошқаси IBF, WBO йўналиши бўйича Жаҳон чемпионлари бўлган ака-ука украиналик боксчи - Виталий ва Владимир Кличколар ҳам ушбу камарга кўз тикканликларини баён қилишганди. Шундай экан, биз чемпионлик камарига асосий даъвогарлардан бўлган Руслан Чагаев билан боғланиб, бўлажак жангда кимнинг қўли баланд келиши мумкин, деб сўрадик.