Футбол чиғириғи: Жон Терри импичменти

Футбол ишқибози,Лондон

ЖОН ТЕРРИ ИМПИЧМЕНТИ

Шу кунларда Англиянинг қайси рўзномасини олманг - футболга бағишланган саҳифалари "Челси" жамоасининг жорий капитани, инглиз миллий терма жамоасининг эса, эндиликда собиқ сардори Жон Терри машмашасига бағишланган.

Агарда сиз ҳам эшитиб энсангиз қотиб улгурмаган эса, "Нима бўлган экан", - деб сўрашингиз мумкин.

Гап шундаки, бундан бирор ҳафта аввал кутилмаганда газеталарда Жон Террининг француз таннози Ванесса Перонсел билан ишқу муҳаббати фош этилди.

Нимага фош этилди дейсизми? Чунки Жон Терри биринчидан оилавий одам бўлиб, уйида иккита боласи бор, иккинчидан бояги сатанг қиз Ванесса Жон Террининг собиқ дўсти ва шериги Вэйн Брижнинг қайлиғи экан.

Рост, Вейн Бриж ҳозирда "Челси"да эмас, балки "Манчестер Сити"да ўйнайди, бироқ Жон Терри нафақат "Челси"нинг, балки миллий жамоанинг ҳам капитани экан, унинг ўз шериги Вэйн Бриж билан муносабатлари ит-мушук бўлиши турган гап. "Капитан!" - деб бўйсиниш ўрнига Вэйн:"Хоин!" - дея, унга ташланса не ажаб?!

Ана бошланди талаш-талаш:

Аввалига Жон Террининг аҳлоқи миллат рўзномаларида муҳокама этилди: кимдир уни аҳлоқсиз маҳлуқ деса, бошқалар: атрофларингизга қаранглар - АҚШнинг собиқ Президенти Билл Клинтон ҳам шундай ҳолатда ишдан ҳайдалгани йўқ-ку, - дея, Террининг ёнини босишди.

Футболчиларнинг бошқа қиладиган иши ҳам йўқ, ана машҳур ва марҳум Жорж Бест: "Мен мингдан ортиқ қиз билан ётганман," деганида осмон ўпирилиб, ерга тушгани йўқ-ку, - дейишди учинчилар.

Фош этиш бошландими - ҳўлу қуруқ бир текисда ўт олди. Газеталардан бири бояги Ванесса хонимнинг суюқоёғлигини пеш қилиб, унга Муту, Гуджонсенларни ҳам рўпара қилди, бунга Ванесса дод деди, айбим бор бўлса, фақат Терри, деди. Унга содиқман, деди.

Орада эса ўз саргузаштлари ҳикояларини газеталарга 250 минг фунтга сотмоқчи бўлди.

Ҳулу қуруқ баравар ёнганда...

Ҳўлу қуруқ баравар ёнар экан, орада "Челси"нинг собиқ мураббийси Аврам Грантнинг ҳам исловатхонага бориб юришлари фош бўлди.

Рост, унинг Қуддусда яшовчи хотини: "Аврам хоҳлаганини қилаверсин!" - деб эрини аблаҳлагани йўқ.

Устаси бундай экан, шогирди қандай бўларди! - деб хулосалаганда баъзилар, инглиз миллий терма жамоасининг мураббийси италиялик Фабио Капелло Жон Терри билан 12 дақиқа учрашиб уни капитанликдан озод этди.

Яна бир италиялик нима дейди?

Бошқа италиялик - "Челси" бош мураббийси Карло Анчелотти эса, майдонда кучини кўрсатса бўлгани, бошқа ишларига аралашмайман, дея, Террини жамоа сардорлигида қолдирди.

Энди бу машмашанинг сўнгги саҳифаларини эшитинг: Эмишки, Жон Терри Ванесса Перонселга 750 минг фунт пул тўлаб, икковлон айшу -ишратларини газеталарга сотмасликка кўндирибди.

Орада Террининг яна уч-тўртта жазмани чиққан экан, уларнинг ҳам оғзини ёпишга анча-мунча пул кетибди.

Бу харажатларга Жон Терррининг аҳлоқсизлиги кетидан рекламалардан йўқотган 5 миллион фунтини қўшсангиз, айшу-ишратнинг баҳоси анча қимматга тушган ўхшайди. Уловидан тушови, деганларидек...

Бу мавзуда батафсилроқ