Энди Владимир Кличко Девид Ҳейни расман жангга чорламоқда

Владимир ва Виталий Кличко

Профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифасида IBF ва WBO йўналишлари бўйича Жаҳон чемпиони украиналик донгдор боксчи Владимир Кличко айни шу вазн тоифасида WBA йўналиши бўйича Жаҳон чемпиони Девид Ҳейни расман жангга чорлади.

Девид Ҳей куни-кеча Манчестер шаҳрида бўлиб ўтган жангда пуэрторикалик рақиби Жон Руисни ер тишлатиб, иккинчи бор чемпионлик камарини ҳимоя қилганди.

Владимир Кличко, шу билан бирга, Девид Ҳейни ўзи билан жангдан "қочиб юрганликда" ҳам айблаган.

Девид ўтган йилнинг июн ойида жароҳати сабаб Владимир билан жангини бекор қилган, бироқ ҳозир ака-ука Кличколарнинг истагани билан рингга тушишга тайёр эканини айтмоқда.

"Сен мендан доимо қочиб юролмайсан. Боксчи сифатида ҳурмат қозонишинг учун мен билан жанг олиб боришинг лозим. Мен жангга ҳозирман," деб айтган Владимир.

Украиналик боксчи Девид Ҳейни акаси Виталийга ҳам тутқич бермай юрганликда айблаган.

Аслида нима гап?

Девид ўтган йили Владимирнинг жамлоғи билан жанг хусусида музокараларни бошлаб юборган, бироқ унинг ўрнига ноябр ойида россиялик боксчи Николай Валуевни жангга чорлаб, чемпионлик камарини қўлга киритганди.

Ўша пайтда тузилган шартномада яна бир бор жанг олиб бориш имконияти ҳам назарда тутилган эса-да, Девид Ҳей россиялик рақиби билан такрорий учрашувга ҳуши йўқлигини айтмоқда.

Девид шу йилнинг октябр ёки ноябр ойларида яна рингга тушиш истаги борлиги, бунинг учун ҳатто 80.000 ўринли "Уимблей" стадионини кўзлаётганини ҳам яшираётгани йўқ.

"Менга бўлажак рақибим ким бўлишининг аҳамияти йўқ. Менинг боксдаги фаолиятимга боқинг - Мен истаган боксчи билан хоҳлаган жойда рингга тушаман," деб айтган Девид.

Виталий эса, ўз чемпионлик камарини ҳимоя қилиш учун келаси ой Пол Алберт Сосновскийга қарши жанг олиб боради. Владимир эса, шу йилнинг март ойида америкалик боксчи Эдди Чемберсни 12-раундда мағлуб этиб, яна чемпионлик шарафини қўлга киритганди.

Владимир билан жангини бекор қилмасидан аввал Девид ака-укаларнинг кесилган бошлари акс этган футболкада бўй кўрсатиб, украиналик боксчилар жамлоғининг роса ғазабини тоширганди.