Бу йилги Англия чемпиони фақатгина якуний учрашувдан сўнг маълум бўлади!

"Челси" ва "Ливерпул"

Футбол бўйича бу йилги Англия чемпионининг ким бўлиши фақат бир ҳафтадан кейин, яъни жорий футбол мавсумининг якуний учрашувидан сўнггига маълум бўлади.

Бу йил чемпионлик мақомига икки асосий даъвогар - "Челси" ва "Манчестер Юнайтед"ларнинг сўнгги учрашувда ўз рақибларини бирдек ер тишлатишлари икковлондан бирига муддатидан илгари Англия чемпиони бўлиш имкониятини бермади.

Маҳаллий футбол мутахассисларига кўра, икки наҳанг сўнгги ўйинларини ғалаба билан якунлаган тақдирларида ҳам, чемпион бўлиш учун "Челси"нинг имконияти кўпроқдир.

Якуний беллашув арафасида икковлон орасидаги фарқ бор-йўғи 1 очкони ташкил этиб турибди.

Лекин шуни ҳам тан олиш керакки, якшанба кунги ўйинда "Челси"га осон бўлмади. Роман Абрамовичнинг мовийлари "Ливерпул"га қарши майдонга тушди.

Учрашув тақдирини ҳал этишда шунча тажрибасига қарамай, Стивен Жеррард томонидан йўл қўйилган хатодан фойдаланиб, Дадье Дрогба томонидан киритилган илк тўп ҳал қилувчи роль ўйнади.

Урилган тўпдан илҳомланиб кетган мовийларнинг устма-уст ўз ҳужумларини кучайтиришлари рақиб дарвозасининг иккинчи бор забт этилиши билан якунланди.

Иккинчи тўп соҳиби Франк Лампард эса, учрашув қаҳрамонига айланди.

Инглиз премьерлигасининг кўзга кўринмаган жамоаларидан бири бўлган "Сандерланд"га қарши тўп суришганига қарамай, қизил иблисларга осон бўлмади.

Улар рақиб дарвозасига бор-йўғи биттагина тўп киритишга муваффақ бўлишди, холос.

Лекин ҳисоб кичик бўлса-да, ғалаба барибир ғалаба, "Манчестер Юнайтед" ҳисобига ҳам уч очко ёзилди.

Энди эса, барчасини бир ҳафтадан сўнг бўлиб ўтажак якуний беллашув ҳал қилади.

"Манчестер Юнайтед" "Стоук сити", "Челси" эса, "Виган"га қарши майдонга тушади.

Икковлоннинг рақиблари ҳам ҳаминқадар бўлишса-да, ғалабанинг кафолати йўқ.

Бунга биргина мисол шуки, ўтган йилнинг сентябр ойида кимсан наҳанг "Челси" кутилмаганда "Виган"га 3:1 ҳисобида ютқазиб қўйганди.

Шундай экан, ҳаммасини ҳозирча вақт кўрсатади.