Жанубий Африка 2010 йилги Жаҳон чемпионатига тайёрми?

Янги стадион

2010 йилги Жаҳон чемпионатига ҳам бор-йўғи 1 ой қолди.

Шундай экан, сўнгги ҳозирликлар ҳақида сўз юритишнинг ҳам айни палласи, шундай эмасми?

Жанубий Африкада бўлган мухбирларимизнинг хабар беришларича, 10 та стадион футболчиларни қабул қилишга шайдир.

Африкалик ишқибозларнинг анчагина бошларини қотирган чипталар эса, қўлма-қўл бўлиб кетган.

Жаҳон Кубоги ҳам йўлда, мезбон давлатга етиб боришдан аввал минглаб инсонларнинг кўзларини ўйнатиб, куйдириб кетмоқда.

Шай аҳволда бўлган стадионларнинг 5 таси янги, яна бештаси замонавий талаблар асосида қайта таъмирдан чиқарилган.

Аэропортлар ҳам бугун дунёнинг турли бурчакларидан келажак учоқларни қабул қилиб олишга мос қилиб қўйилган. Дурбанда эса, янги халқаро аэропорт ҳам қуриб битказилган.

Бироқ Жаҳон чемпионатини томоша қилиш учун келажак хорижлик ишқибозларнинг сони аввал хаёл қилинганидан кўра камроқ бўлиб чиққани боис, ундан фойдаланилмаслиги ҳам мумкин.

Ўтган йилги глобал молиявий инқироз бу галги Жаҳон чемпионатига ҳам таъсир этмай қолмаган.

Лекин тушкунликка тушманг: стадион ўриндиқлари бўш қолмайди.

Аввалига чипталарни сотиш тизимидан шикоят қилиб, оғизлари чарчаган мезбон жанубий африкаликларнинг ўзлари қолган чипталарни ҳам битта қолдирмай, сотиб олишган.

Барча ҳозирликларнинг манзарасида аммо лекини ҳам йўқ эмас.

Янги стадионлар атрофидаги ҳудудлар ҳануз қурилиш майдончаси бўлиб ётибди.

Нақлиёт тизими ҳам синаб кўрилмаган.

Шу боис, футбол ишқибозларининг стадионга бориш-келишлари учун узундан-узоқ навбатда туришларига тўғри келишига оид хавотирлар ҳам кучайиб бормоқда.