Хорижлик мураббийни ишга ёллаш Озарбайжоннинг "Габала"сига қанчага тушди?

Тони Адамс

Бу гал Озарбайжондаги номи деярли чиқмаган "Габала" клуби Англия миллий терма жамоаси ва наҳанг "Арсенал" клубининг энг кўзга кўринган собиқ ўйинчиларидан бўлган Тони Адамс билан уч йилга шартнома имзолади.

Айрим хабарларга кўра, Тони Адамс "Габала"даги бош мураббийлик фаолияти учун, дейлик, инглиз премьерлигасидаги мураббийлар олган миқдорда маош олади. Уларнинг ойлик иш ҳақлари бир неча миллион фунт стерлингни ташкил этади.

Англия футболидаги шон-шуҳратидан фарқли тарзда, Тони Адамс мураббий сифатида ном қозониб улгурмаган. Бироқ унинг айтишича, "Габала" клубини Озарбайжон футболини ривожлантириш марказига айлантириш ниятидадир.

Озарбайжон футболи халқаро миқёсда деярли тилга тушмаган ва "Габала" ҳам фақатгина олтита клуб тўп сурувчи озар миллий чемпионатида 6-ўринда бормоқда.

Бор-йўғи бир неча юз ўринли стадиони бор ва ёш ўйинчилари ҳам ола-чалпоқ майдонда машғулот ўтказишади. Мухлисларининг сони ҳам бармоқ билан санарли.

Image caption "Габала" ўйинчилари янги хорижлик бош мураббийларини хуш қаршилашларини айтишмоқда

Шунинг учун ҳам Тони Адамсга осон бўлмаслиги аниқ: - у ҳаммасини ибтидодан бошлаши лозим бўлади.

Бироқ собиқ инглиз ҳимоячиси буни ўз мураббийлик салоҳиятини ривожлантиришнинг бир имконияти сифатида кўрмоқда.

Бойлигининг миқдорини ҳеч ким аниқ билмаса-да, "Габала" ҳозир Озарбайжондаги энг бадавлат клуб саналади.

Нефтга бой Озарбайжондаги молиявий келишувлардан эса, ҳар ким ҳам бохабар бўлавермайди.

"Габала"га Озарбайжондаги энг бадавлат ва энг қудратли оиладан келиб чиқиши айтилувчи ёшгина Тале Ҳейдаров президентлик қилади.

Image caption Клуб бош ижроий раҳбарига кўра, пул муаммо бўлмайди

Шу сабабдан ҳам, олиши мумкин бўлган молиявий дастаги бош мураббийлик фаолияти давомида Тони Адамсга яхшигина қўл келиши тайин.

Тони Адамснинг айтишича, шу баҳона Англия премьерлигасидан бироз четда ўзининг мураббийлик салоҳиятини ҳам анча пишитиб олади.

Буёғи клуб янги стадион қурилиши учун ҳам камида 75 миллион АҚШ доллари ажратмоқчи.

Лекин буларнинг барчасига қарамасдан, буни спорт деб қўйибди - мураббийнинг ўз вазифасида қанчалик узоқ қолишини фақат Худо билади, холос.