'Интер' 45 йил деганда Оврўпо Чемпионлари чемпиони бўлди!

Испания

Миланнинг "Интер"и Испанияда бўлиб ўтган финал беллашувида Олмониянинг "Бавария"сини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, Оврўпо Чемпионлари чемпиони бўлди.

Рақиб дарвозасига киритилган ҳар иккала тўпни "Интер" ҳужумчиси Диего Милито ўз ҳисобига ёзди.

Айрим футбол мутахассисларининг башоратларига зид бир равишда, жамоалар учрашувни анча дадил бошлашди. Ўйиннинг биринчи қисми ниҳоятда жонли ўтди. "Бавария" ҳужумнинг устига ҳужум уюштирди.

Жозе Моуриньонинг шогирдлари эса, Испания чемпиони Барсага қарши жуда қўл келган стратегияларига содиқ қолиб, ташаббусни рақибларига беришди. Ўзлари ҳимояга зўр беришди.

"Бавария" чақириқни дадиллик билан қабул қилиб, ҳужумга киришди. Арьен Роббен ўзини роса кўрсатди.

"Челси" ва "Реал"(Мадрид) клубларининг собиқ ўйинчиси бир неча бор миланлик ҳимоячиларнинг ҳимояларини ёриб ўтишга муваффақ бўлди.

Аммо Моуриньонинг "қисқич"лари унинг ҳамкорларига бирор бир имконият қолдирмай, Роббенни яккалаб қўйишди.

"Бавария"нинг шунча уринишлари иш бермади. Тўп киритиш имконияти яққол бўлган лаҳзалар ҳам бўлди. Бироқ ҳар гал тўп рақиб дарвозасига етиб бормади.

Бунинг ўрнига қулай фурсатдан фойдаланиб қолган "Интер" рақиб дарвозасини биринчи бўлиб забт этди.

Олмонларга ҳар қандай жамоанинг ҳимоясини ёриб ўта олишга қодир бўлган ўйинчиси, Франция миллий терма жамоасининг ярим ҳимоячиси Франк Рибери яққол етишмади.

Танаффус ортидан ҳар икки жамоада тўп киритиш учун қулай лаҳзалар бўлди. Аммо омад яна "Интер"га кулиб боқди. Учрашувнинг 70-дақиқасида яна Милито жонбозлик кўрсатди. Ҳисоб 2:0 га етди.

"Интер" майдонда оддий, аммо "ҳалокатли" футбол кўрсатиб, учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди. Клуб ўзиям ярим асрча деганда ушбу шарафга нойил бўлди. Ҳа, бунақаси камдан кам бўлади.

"Интер" бош мураббийси Жозе Моуриньонинг ҳам боши осмонда. Жозе устозлигида клуб бир мавсумнинг ўзида ҳам Италия ва ҳам Оврўпо чемпиони бўлиб турса...

Яна бу йўлда "Интер"нинг кимсан "Барселона" каби дунё наҳангларини ер тишлатганини айтмайсизми! Финалда эса, Олмония чемпиони "Бавария"ни жавобсиз икки тўпи билан мум тишлатиб қўйган бўлса!

Хўш, "Интер" буларнинг барчасига қандай қилиб эришдию, "Бавария" нега ҳал қилувчи учрашувда бунчалик панд еди? Суҳбатдошим Би-би-си Спорт мухбири Крис Денис:

"Интер"га бош мураббийси Жозе Моуриньо қурган мустаҳкам ҳимояси қўл келди. Улар бутун чемпионлар лигаси давомида асосий эътиборларини ҳимояга қаратишди. Бироқ ҳужумда ҳам яшиндек ўйин кўрсатишди. Буни финалда "Бавария"га қарши ўйинда ҳам кўрдик. "Интер" майдоннинг ўнг қанотида Арьен Роббен уюштирган кўплаб ҳужумларни даф эта олишди. Робен бу йилги Оврўпо Чемпионлар лигасининг юлдузи бўлган ўйинчидир. Ҳатто у ҳам "Интер"нинг аргентина ва бразилиялик ўйинчилари томонидан яратилган собит ҳимоя деворини бузиб ўта олмади. Ўзлари эса, фурсат топди дегунча қарши ҳужумга ўтиб, рақиб дарвозасини икки бор нишонга олишди. Бошқа томондан, "Бавария"ни ҳам айблаб бўлмайди. Улар майдонда деярли хатосиз ўйнашди. Ҳужум устига ҳужум уюштиришди. Бироқ боя ҳам айтиб ўтганимдек, "Интер"нинг ҳимоясини ёриб ўта олишмади".

Би-би-си Спорт мухбири Крис Денис.