'Дунёнинг энг қиммат мураббийси' 'Бунёдкор'ни муддатидан аввал тарк этди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Луиз Фелиппе Сколари

Осиё чемпионлар лигасидаги кетма-кет мағлубияти ортидан "дунёнинг энг қиммат" ва донгдор мураббийларидан бири Луиз Фелиппе Сколари "Бунёдкор"ни муддатидан илгари тарк этди.

Кимсан Сколари ўз мураббийлиги фаолияти давомида "Бунёдкор"нинг Осиё ва клублар орасида Жаҳон чемпиони бўлиш орзусини амалга оширолмади.

Ўзбекистон чемпиони айни шу мақсад билан ўтган йили июн ойида бразилиялик мураббий билан бир ярим йилга шартнома имзолаганди.

Ўша пайтда Оврўподаги айрим нашрлар "Бунёдкор" билан шартномаси Луиз Фелиппе Сколарини "дунёдаги энг қиммат мураббий"га айлантиргани ҳақида ёзишганди.

Лекин клубнинг ўзи жаноб Сколари билан шартнома қийматини расман очиқламаган.

Айрим веб саҳифаларда чоп этилган хабарларда бразилиялик мураббийнинг "Бунёдкор"дан кетишига асосий ҳомийларидан бири деб кўрилган "Зеромакс" ширкати ҳисобларининг музлатилиши сабаб бўлгани ҳам айтилганди.

Аммо Би-би-си билан суҳбатида клуб воизи ушбу хабарларни тасдиқламади.

Луиз Фелиппе Сколари "Бунёдкор"га ўтмасидан аввал Англиянинг "Челси" клубидаги муваффақиятсиз фаолияти сабаб ҳам мураббийликдан четлатилганди.

Лекин жаноб Сколари Бразилия миллий терма жамоасини 2002 йилда Жаҳон чемпиони қилган мураббийдир.

Халқаро футбол тажрибасида клуб ёки миллий терма жамоа олдига қўйилган мақсадларни уддалай олмаган мураббийнинг вазифасидан четлатилиши одатий ҳол саналади.

Бундан аввал ҳам "Бунёдкор" клубига мураббийлик қилган ва яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлигидан кетган Миржалол Қосимов қалдирғочларнинг янги бош мураббийси этиб тайинланган.

Биз сўнгги хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида "Бунёдкор" клуби матбуот воизи Аброр Имомхўжаевни суҳбатга чорладик: