Қозоғистонда ҳам жозибадор томошани кўриш учун ҳозирликлар авжида

Қозоғистон
Image caption Айниқса, бару ресторанларда тайёргарликлар авжида

Футбол бўйича 2010 йилги Жаҳон чемпионатида бу гал собиқ Шўро давлатларидан бирорта ҳам давлат иштирок этмайди. Аммо шундай бўлса-да, бошқалар каби марказий осиёликларнинг ҳам қора қитъада севиб мухлислик қиладиган жамоалари талайгина.

Бир ойлик жозибадор томошани кузатиш учун ҳар ким ўзича тайёргарлик кўриб юборган. Кимдир маҳаллий каналлар билан чекланиб қолмасдан, йўлдошли антенна сотиб олган бўлса, яна кимдир бар ва тамаддихонасини мухлисларбоп қилиб безатиш билан овора.

Ҳар тўрт йилда бир маротаба бўладиган ва кимнидир йиғлатиб, кимнидир кулдирадиган дунё биринчилиги яқинлашар экан, қозоғистонлик мухлислар ҳам унга ўзига хос тайёгарликларини бошлаб юборишган.

Олма-ота кўчаларида, такси ва одамлар тўпланадиган жойлардаги суҳбатнинг бош мавзуси ҳам Жаҳон чемпионати. Кимдир Бразилиянинг имкониятларини юқори баҳоласа, яна кимдир таркиб жиҳатидан анча кучли, аммо мураббийга ёлчимаган Аргентина ва Францияга ачинишни бошлаб юборган.

Улуғбек болалигидан Англия термасига мухлислик қилади. Улуғбекка кўра бу йил Бразилия, Германия, Голландия ва Англия жамоаларининг қўли баланд келиши мумкин. Франциядан ҳам бирон нарса кутса бўлар, аммо уларга мураббий томонидан омад кулиб боқмаган, дейди Улуғбек.

Худди шундай ҳолат Аргентина термасида ҳам бор, - дея гапга аралашади Ўлжас. Ўйинчилар сайёрадаги ҳамма клубларни енгишга қодир, аммо мураббий Марадонага ишонч йўқ, дейди у.

Image caption Англияга ишқибозлик қилаётганлар ҳам Қозоғистонда талайгина

Ўлжас ўзи Англиянинг “Арсенал” клуби ашаддий мухлиси, Лондондаги танишлари орқали “Арсенал” рамзлари туширилган, шарф, қалпоқ ва майкалар олдирган. “Арсенал”нинг ҳар бир ўйинини ана шу кийимларни кийиб олиб томоша қилади.

Ўлжаснинг Англия бош мураббийидан ранжиган жойи сўнгги 44 йил ичида илк бор “Арсенал”дан терма жамоага футболчи чақирилмаганидир. Уолкот ҳужумда Англияга асқотиши мумкин эди, дейди у.

Олма-оталик бўлган бу мухлислар Жаҳон чемпионатини уйда телевизор орқали кўришни ва агар севимли жамоалари ўйнайдиган бўлса, имкон қадар бошқа фанатлар билан бирга барларда томоша қилишларини айтишади.

Бундай барлар эса Олма-отада кўпчиликни ташкил қилади. Спортга мўлжалланмаган тамаддихоналар ҳам бу вақтга келиб, “Жаҳон чемпионатини тўғридан-тўғри олиб берамиз,” деган ёзувларни илиб олишади.

Италиядаги машҳур стадионлардан бирининг номи билан билан аталадиган Олма-ота марказидаги бар бутунлай футболга бағишланган деса бўлади. 3 та ички зал ва яна битта сиртқи жойда клуб бошқарувчисининг айтишича, 120 одам бир вақтнинг ўзида ўтириб футбол томоша қилиши мумкин.

Бар деворлари турли клубларнинг футболка, эмблема ва қўлга киритган кубокларининг муқобиллари билан безатилган. Шифт эса турли клуб байроқлари билан безатилган.

Image caption Ўзингизни футбол оламига кириб қолгандек ҳис этмасангиз ҳисоб эмас

Хуллас, барга кирган одам ўзини футбол оламига кириб қолгандек ҳис қилиши мумкин.

Бар бошқарувчиси Русланнинг айтишича, ҳозир шаҳардаги буткул бар ва тамаддихоналар жаҳон чемпионатини тўғридан-тўғри олиб кўрсатиш учун тайёргарликни ниҳоясига етказишмоқда.

Биз ўйинларни бевосита олиб бериши учун Адлия департаменти ва “Хабар” агентлиги билан шартнома имзолаганмиз. Чунки “Хабар” агентлиги футбол бўйича трансляция ҳуқуқларини сотиб олган, дейди бар бошқарувчиси Руслан.

Қозоғистоннинг чекка қишлоқларида ҳам бу галги Жаҳон чемпионатини тўғридан-тўғри кўриш имконияти бор. Миллий телеканаллар бўлмиш “Хабар” ва “Ел арна” футбол баҳсларини бевосита кўрсатиш ҳуқуқини сотиб олган.

Мухлислик бобида қозоқлардан қолишмайдиган ўзбекистонликлар ушбу баҳсга қандай тайёргарлик кўраётгани билан ҳам қизиқдик.

Қозоқлардан фарқли равишда ўзбеклар бу йилги мундиалда фахрланадиган жиҳати бор. Қора қитъа стадионларида ўзбекистонлик футболчилар югуриб юрмаса ҳам, илк бор ва собиқ шўро давлатлари ичида якка ҳакам Равшан Эрматов ва унинг жамоаси ўйинни бевосита бошқариб боради.

- Бу чемпионатда фақат чиройли ўйин учун ва Равшан Эрматовга мухлислик қиламиз. Афсус, терма жамоамизни мундиалда кўриш орзуси ҳеч ушалмаяпти, дейди янгийўллик мухлис.

Image caption Мухлисларнинг иштиёқлари ҳам баланд

Равшан Эрматов чемпионатнинг очилиш ўйинини бошқариши маълум бўлган бир чоғда, Ўзбекистон ичидаги мухлислар ҳам ўйинни кўнгилдагидек шароитда томоша қилиш учун тайёргарликни бошлаб юборишган.

Алимардон исмли тадбиркор бунинг учун махсус йўлдошли антенна сотиб олган ва томига ўрнатиб қўйган.

Бундан икки ойча аввал Жаҳон чемпионатини кўриш учун тарелка антенна сотиб олдим. Энди ёнбошлаб, кўк чойни дамлаб, ўйинларни мазза қилиб томоша қиламан, дейди Алимардон.

Алимардонга кўра шу пайтгача Ўзбекистон миллий каналлари бу каби нуфузли ўйинларни кўрсатиш ҳуқуқини тўғридан-тўғри сотиб олмаган. Чунки ўйин давомида ҳар доим араб ёки инглиз шарҳловчиларнинг овози эшитилиб туради. Ва экранда трансляция ҳуқуқини сотиб олган каналлар эмблемаси кўриниб туради.

Ўзбекистоннинг шундай туманлари борки, у ерларда махсус антеннасиз Спорт каналини кўриш имкони йўқ.

Қозоғистон билан чегарадош Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилояти мухлислари футболни қозоқ тилида “Хабар” ва “Ел арна” каналларидан кўриши мумкинлигини айтишади.

SMS рақамимиз: +447786201124