Англия миллий терма жамоаси яна қовун туширди, аммо вой-войлаган битта мен эмас

Жеррард

Жаҳон чемпионатининг старт олганига ҳеч қанча вақт бўлмай, мени ўтирган ўрнимдан сакраб туриб, вой-войлаб қолишимга биринчи бўлиб Англия миллий терма жамоасининг қовун тушириб қўйиши сабаб бўлди.

Ишқибозлик қурсин экан, мен фалонча жамоага мухлислик қиламан, деб баралла баён қилганинг билан, кўнгил улгур қилт этган баҳона билан қандай қилиб бошқаларига югуриб кетганини билмай қоласан.

Юрагинг худди парча-парча бўлакларга бўлиниб кетгандек. Бутун борлиғингни Испания тортиб турган бўлса-да, "Ҳа, яшавор, Аргентина!" дейишинг учун биргина Мессини кўришингнинг ўзи кифоя!

Ишдан ҳориб-чарчаганингга қарамай, ҳаллослаб уйга югуриб, телевизор тугмасини шоша-пиша босишингга эса, Англия миллий терма жамоаси атрофидаги ўзингга ёд бўлиб кетган машмашалар: "Ишқилиб, бир бало бўлмасин-да!"

Йўқ, ҳаммаси биб-бинойи бошланди:

Бу гал ҳеч сардорга ёлчимаган инглизларнинг учинчи сардори тўртинчи дақиқадаёқ ҳисобни очаркан, оғзингга тиқилган нафасинг, "Го-ооолллл..." деб қичқиришга ҳам ярамади.Уффф, деб ўзингни диванга ташладинг...

Аммо, енгил тин олишинг узоққа чўзилмади. Футболи чўнтагига яраша эмаслиги айтилавериб, сийқаси чиқиб кетган америкаликларнинг кетма-кет кескин ҳужумлари сичқонни пойлаган мушукдек ҳушёр тортишингга сабаб бўлди.

Кутиб-кутилмаганда, жиппп этиб юмиб олган кўзимни сал очганимни биламан: "Эй, эй, эй, эй, эй,..(садқайи кетган шунча "эй-эй"ларим), инглизлар дарвозабони Роберт Гриннинг қўлидан тушиб, дарвозага ўрмалаган тўпини тўхтатиб қололмади".

"Бу қандай аҳмоқона хато!" бижирлади ёнимда мен билан бирга ишқибозлик қилаётган қизалоғим!

Бу ердаги болаларнинг энг кескин эътирозларини ифодалашда энг кўп ишлатилувчи ушбу сифат майдондаги инглиз футболчиларию, италиялик донгдор мураббийсининг оғзига тахир анор донасини солиб олгандек бужмайиб кетган юзларида ҳам зоҳир эди.

Роберт ҳам алам ва уятнинг зўридан ўзини ерга отди. Қўллари билан майдонни муштлади: Бунақаси бўлиши мумкин эмас, ахир қандай қилиб, келиб, келиб америкаликлардан!

Киритилган тўпдан сўнг майдону ва ҳозирга қадар(менимча, яна анча давом этади) бутун Англияда ана шу саволга йўғрилган ҳис ҳукмрон, десам хато бўлмайди.

Газеталардаги катта-катта ҳарфлар билан ёзилган сарлавҳаларни айтмайсизми: Роберт уларда "масхарабоз"дан тортиб, "ҳалокат"га қиёс қилинади.

Айримларини келтиришдан эса, қаламинг ҳам бўйин товлайди. Қай бири, "Бу қўл эмас, ёғоч," деб дод-вой солса, бошқасига кўра, "бунақасига ақл ҳам бовар қилмайди".

Фахрий юлдуз футболчиларининг оҳ-воҳ қилишларича, "Дарвозабоннинг бунақа нўноқлиги инглиз футболи тарихида бўлмаган: Роберт зудлик билан инглиз дарвозасидан четлатилиши лозим!"

Ҳаваскору профессионал танқидчиларнинг тиғидан жамоа бош мураббийси Фабио Капелло ҳам омон қолмаган: "Бу мураббийнинг кўзи қаёқда! Шунақа ҳам танлов бўладими! Кимни олишни билмаган!"

Бош мураббий ҳам узоқ куттириб ўтирмади: Темирдек тартиб-интизом тарафдори эмасми, дарвозабонининг баҳридан кечаманга тушиб қолган.

Жамоадошлари, мураббийси, мухлислари, матбуотдан (ўзиям британ бош вазири билан, қироличаси қолдиёв) кечирим сўрайвериб эса, Робертнинг тиллари ҳам айланмай қолган.

Бечора Роберт, "Агар яна шунга ўхшаш ҳолат 1.000 бор такрорланса, ўшандан 999 тасини қайтарган бўлардим"га тушиб қолган.

Аммо нафақат футболнинг ватани, балки қарийб ярим асрдан буён чемпион бўлиш иштиёқида ёнган давлатда бир марта қилинган хато кечирилармикан?...

Лекин энг қизиғи, ҳеч ким "ҳалокат" деб таърифланган "Адидас" ширкатининг тўпини негадир тилга ҳам олмаса...