‘Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор’ ёки кўринг, армонда қоласиз

Бразилия-Шимолий Корея

Ҳар тўрт йилда бир айланиб келмайдими, ҳар бир жаҳон чемпионатини, “бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор,” деб қарши оларкансан, бу ҳиснинг масъулиятини айтинг:

Ўзингни ҳар бир учрашувни кўришга масъул ҳис этасан. Аммо бир ёқдан иш, бошқа томондан, бола ташвиши, яна уй-рўзғор юмушлари,..Ҳа, мухлисликни қанчалик амаллаётганингни кўриб, ўзинг ҳам ўзингга тан бериб юборасан: Қўлинг ҳарф терадими, идиш-товоқ ювадими, қозон кавлайдими, кўзинг бўлмаса, ҳеч бўлмаганда хаёлинг футболда! Ишқибозликка хиёнат қилмаётганлик ҳисси ҳам кишига анча далда беради. Ҳа, “Осон эрмас бу майдон ичра кирмоқ, Низомий панжасига панжа урмоқ,” деб ҳам ўзингга ўзинг минғирлаб қўясан. Аммо ҳар гал шундай учрашувлар бўладики, кўрмасанг армонда қолишингни билиб, қандай қилиб ҳамма нарсани бир четга йиғиштириб қўйганингни билмай қоласан! Бу йил мени ана шундай улкан “маҳрумият”ларга етаклаган учрашув Бразилия ва Шимолий Корея ўртасидагиси бўлди. Дунёнинг энг олди ва “энг оқсоқ” (рейтинг бўйича) жамоаси орасидаги учрашувни томоша қилишнинг ҳузури ҳали анча аввал ҳаловатимни олганди. Бразилиянинг ўйинини кўравериб кўзим пишиб кетган, аммо ўз кароматини кўрсатган пайтда мен ҳали дунёга келмаган шимолий кореяликлар бутунлай хаёлимни ўғирлаганди. Ухлаб ётган ўрнимдан тўрғазиб туриб сўрасангиз, кўзимни очмай туриб, сиёсати ҳақида булбулдек сайраб беришим мумкин бўлган мамлакатнинг футболини кашф этиш менга ҳеч ҳам тинчлик бермаётганди. Юрагимдаги ана шу ҳаловатсизлик ҳиссида овқатга уннаб, мухлислар учун қайтарилмас лаҳзалардан бир умр афсус чекиб юрмаслик учун кечки таом ҳам бир кун аввал тайёр қилиниб, совутгичдан жой олди. Қизимнинг нонуштаси ҳам, жумладан. Бир неча соат кечроқ ухласам, ухлабман-да, менга бало ҳам урармиди... Хуллас, тунги соат бирга қадар эртанги энг муҳим уй-рўзғор юмушларининг ҳаммаси бекаму-кўст адо этилди...

Ҳаммаси эрта саҳардан бошланди

Ювиниб, тараниб, нонушта қилиб бўлган қизалоғимни мактабга олиб бориш масъулияти бу гал отасига юкланди. Мен эса, бугунги учрашув ҳаяжонида ҳарна тежалган бир-икки соат, дея тонг саҳардан ишга югурдим. Бекатдан шоша-пиша харид қилган газету бир финжон қаҳвани кўтарганча, шоша-пиша поездга чиқдим. Ҳар кунлик одатим бўйича газетни бошидан эмас, охиридан варақлашга тушдим, бу қанақа қилиқ деяётгандирсиз, бунинг ҳеч бир ғайриодатий ери йўқ, ҳамма гап шундаки, барча спорт хабарлари британ газетларининг сўнгги саҳифаларидан жой олади. Инглиз футболчилари орасида бугунги гапдан ҳам хабардор бўлиб қўйсам, ёмон бўлмайди, деган ўйда газетани очган еримда йўқ ердан бугунги учрашув дардида ич-этини еяётган битта мен эмаслигимга амин бўлдим. Одатда Англия миллий терма жамоасининг авра-астарини ағдар-тўнтар қилувчи ҳайҳотдек мақолалар ўрин оладиган саҳифаларнинг бутунбошлиси Бразилия ва Жанубий Корея орасидаги учрашувга бағишланганди. Мақола, “Ҳукумати дунёда ҳеч кимдан қўрқмайдиган давлатнинг миллий терма жамоаси у кимсан Бразилия бўлмайдими, ҳеч кимдан чўчимаслиги,” ҳақидаги сўзлар билан бошланарди. Миллий терма жамоанинг 1966 йилдаги Италия устидан шов-шувли ғалабаси ҳам “давлати раҳбарининг учрашув чоғи телефон орқали бериб турган маслаҳатлари натижаси”га йўйиларди. Киноями, истеҳзоми, ростми, ёлғонми, тарих ўз йўлига-ку, аммо адашмасам, менга ўхшаб мақолага боши билан шўнғиб кетган ён-атрофимдаги йўловчиларни ҳам қизиқтиргани орадан қирқ йил ўтиб, ана шу “шов-шувли” жамоанинг бугунги давлат раҳбари биланми ёки раҳбарисиз, майдонда нимани қойиллатиши эди...

Шундай қилиб уйга чопдим, йўғ-ей, аввал мактабга

Бир кун аввал ҳаммаси пухта ўйлаб, режаланган эмасми, соат тушдан кейинги учга қадар ишхонадаги ҳамма ишларимни битиришга муваффақ бўлдим. Навбатдаги қилиниши керак бўлган иш (ёзиб олинган рўйхат бўйича) – қизалоғимни мактабдан олишу, уйга чопиш...Сизга қандай билмадиму, шошилиб турган пайтингда ҳамма нарса аксига олади. Қуёшнинг тиғида ҳаллослаб, поезд бекатига етиб борганимни биламан, айнан мен чиқишим керак бўлгани техник нуқсонлар туфайли 15 дақиқага кеч қолганди. Гавдамнинг оғирлигини у оёғимдан бу оёғимга олганча, бунга ҳам чидолмай, у ёқдан бу ёққа юриб-қайтавериб, 15 дақиқани ҳам бир амаллаб ўтказдим. Ҳамма менга қараб ҳайрон...Поезддан тушиб, энди мактабга чопишни айтинг... Қизимнинг ҳам ишқибозликнинг қийинчиликларига эти анча пишиб бораётган эмасми, чарчадим, деган инжиқликларини бир четга йиғиштириб қўйиб, шоша-пиша менга қўшилиб яна ортга, поезд бекатига қараб югурди. Унинг елкасида рюкзак, менинг қўлимда эса, қизимнинг ичига худди тош солингандек зил-замбил(балки шошиб турганим учун шундай туюлдими) спорт сумкаси...Бунақасини душманинга ҳам раво кўрмайсан дейишга тўла асосим бор эдию, аммо олдинда кутаётган учрашувни ўйлаб, оғзимга келган гапимни ичимга ютдим. Буёғига тилаганим: “Ишқилиб, қўшнимизнинг мушуклари кўчага чиққан бўлмасин-да,” деган ўтинч. Қизимнинг жону дили мушук,..ўзиям ўтирволиб, эринмай эркалатади...Йўқ, айтмадимми, шошиб турган пайтингда ҳаммаси тескарисидан келади, деб, қўшнимизнинг ўзиям бир эмас, иккита мушуги уйининг пойгагида офтобда тобланиб мудраб ётарди. Қизим ҳамма нарсани бир зумдаёқ унутди: Яна мушукларга қараб чопди...”Жоним болам, футбол-чи, футбол,..”деганча зорланиб қолдим. “Яна беш дақиқа аяжон,..” Асрга татигулик дақиқалар деб шуни айтишса керак-да, бунинг ҳақиқатлигини билиш учун фақат ҳис этиш керак. Ва ниҳоят, қизим айтган беш дақиқа ҳам тугади. Буёғига чопдик ҳам эмас, югурдик...Миям тузган яшиндек режага мувофиқ, “Эшикни очишим билан қизим ҳеч нарсага қарамай, (ечган пойафзалини тартиб билан бир четга йиғиштириб қўйишу, қўлини совунли илиқ сувда ювишни вақтинчалик унутиб туриб) телевизор тугмасини босиши лозим эди. Ҳамма иш режага мувофиқ кечди...

Ҳаммаси ўз вақтида ва ўз ўрнида эди

Агар ишқибозлик тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам(битта мен эмаслигим тайин!), Жаҳон биринчилигида (устига устак яна биринчи учрашувингнинг ўзидаёқ) Бразилия миллий терма жамоасига қарши майдонга тушишни душманингга ҳам раво кўрмайсан. Аммо бугун тонгда ўзим ўқиган мақола муаллифи ҳақ эди, “ҳукумати дунёдаги ҳеч кимдан қўрқмайдиган давлатнинг футболчилари”га Бразилия писанд эмасди. Мен жонини бунчалик жабборга бериб ўйнаган миллий жамоаларни кам кўрганман. Уларнинг жабборлиги олдида айни шу сифати билан тилга тушган Бразилия ҳам ип эшолмай қолганди. 45 дақиқа деганда ҳам ҳисоб очилмаса!...Бунчалик матонатдан ҳамма лол қолиб, мум тишлаб қолганларнинг сони қанча ....Шимолий кореяликлар учун ўша куни майдонда мақталган Кака ҳам, Робиньо ҳам, Элано ҳам ҳеч ким эмасди. Бразилия 55-дақиқа деганда бир амаллаб ҳисобни очганда ҳам, дўпписини бошидан отганлардан кўра, уни ҳайратда бир четга қўйиб, ўй суриб қолганларнинг сони кўп бўлди. Қайтиб, кимсан Бразилия дарвозасини нишонга олишлари эса, шимолий кореялик футболчиларни ҳатто ўзлари дохил барчанинг кўз ўнгида қаҳрамонга айлантирганди. Ҳайратда қолган футболчилар орасида кўзидан ёш отилганлари ҳам, қўллари беихтиёр қарсакка чопганлари ҳам бўлди. Майдон ичкарисидагилар ҳам, менга ўхшаган ташқарисидагилар ҳам том маънода “90 дақиқага сиёсатни унутишганди”. (Орада мухлисларнинг қўлларида шундай сўзлар ёзилган шиорга кўзи тушиб қолган қизимнинг (негадир, менинг эмас), “Бу нима дегани?” саволига изоҳ беришга ҳам улгурдим). Ютқазган эса-да, учрашув ортидан барчанинг наздида Шимолий Корея “Ўлим” гуруҳида ўлмаганди!”. Шимолий Кореянинг ўзининг қирқ йиллик эски рақиби Португалияга қандай қилиб ютқазиб қўйгани эса, энди бошқа масала....Чунки ҳеч бир миллий терма жамоанинг ҳам, холис футбол ишқибозининг ҳам, дунёдаги манаман деган футбол мутахассисининг наздида ҳам Португалия Бразилия бўлолмайди, нима дедингиз?