Менга-ку, ‘битта ош’, бутунбошли Англияга нимага тушди бу ўйин?..

Олмонияга қарши ўйин хавотири, ҳаяжони, қўрқуви, дарди,..ҳали Словенияга қарши ҳал қилувчи учрашув арафасида бошланганди:

Ҳамманинг тилидан ҳам, дилидан ҳам жой эгаллаган мавзу худди ана шу эди. Бутун Британия иқтисодига қўшиб, оддий аҳолининг ҳам чўнтагини уриб кетувчи ўпқондек молиявий қисқартиришлар ҳам негадир эътибордан бир четда қолди. Шундан билаверингки, бўлажак рақибнинг ҳайбати олдида зил кетган кўнгилларни ҳеч қандай куч ларзага келтиролмасди: “ИНСОН ФАҚАТ НОН БИЛАН ТИРИК ЭМАС!” дек эди гуё. Мен футболсевар, футболкуяр Англияни ҳали ҳеч қачон бундай аҳволда кўрмагандим. Ўзимиздан мисол, куйган, ачинган, қайғурган кўнгилнинг дардини бир четга суриб, холислик ҳаққи (журналистикага хос энг олий сифат) Олмония тактик жиҳатдан Англиядан кучли деганимни биламан, “Англия барибир тажрибали, майдонда тажриба асқотади,” деган ҳамкасбим билан баҳсимиз алал-оқибат “битта ош”га тушадиган бўлди. Агар якшанба кунги ўйинда Олмония ютса, ҳамкасбим, Англия ютса, мен ош қилиб, ишхонадаги барчани сийлайдиган бўлдик. Бразилия ҳам, Аргентина ҳам, Испания ҳам бунчалик гардкамликка сабаб бўлмаганидан, маҳаллийси қолиб, биз каби муҳожир ишқибозларни ҳам чалинтирган дарднинг дардини ҳис этгандирсиз. Шундай экан, энди буёғини тасаввур этаверинг: Ҳамма ўзи ишонмаган нарсага бошқасини ишонтиришга уринаётгандек туюлади,..гапга берилган каттаю кичик, йўловчию, сиёсатчи, ўқувчию, ўқитувчи, барча Олмонияни ер тишлатган...Олмониядагилар эса, худди ана шундай бир манзарада Англияни...

Даромадни айтмайсизми, даромадни!

Олмония ва Англия орасидаги учрашув ҳали бошланмасдан турибоқ, буёғи бутунбошли мамлакатлар иқтисодини гуллатган учрашув бўлди, десам муболаға ҳам, хато ҳам бўлмайди. Мазкур учрашув олдида нақ Жаҳонни ларзага солган глобал молиявий инқирознинг “глобалли”ги ҳам писанд бўлмай қолди: Инглиз ва олмон ишқибозлигининг ажралмас атрибути эмасми, наҳанг супермаркетлар миллионлаб дона пиводан тушажак даромаддан масрур(буёғи айнан якшанба куни бу йил ҳисобидан Англиядаги энг иссиқ кун бўлганини айтинг...), ўз маҳсулотини реклама қилавериб, ўйингиз остонасию, газетларни тўлдириб юборадиган пиццахоналарни айтмайсизми, юз минглаб пиццалари ҳеч нарса бўлмай қолди ўша куни,..қўлма-қўл бўлиб кетган футболкаю, байроғу, байроқчалардан дўконлар қолиб, уни ишлаб чиқарган корхоналар қилган даромад бошингиздан дўппингизни туширади. Сайёҳлик фирмалари, ҳаво йўллари ширкатларини-ку, энди, қўяверинг, миллионлаб ишқибознинг чўнтагини қуритган футбол дарди ким-кимларнинг кармонларини тўлдирмади, дейсиз. Бир учрашувлик ҳисоб-китобларнинг ўзиёқ ақлингизни шоширса: бор-йўғи уч кунда британ иқтисодининг ўзи БИР ЯРИМ МИЛЛИАРД фунт фойда кўрса! Бунақаси дунёнинг камдан кам давлатида бўлади...Бунча даромаддан ақли шошган британ иқтисодчилари янада олдинга кетиб, Англия чорак, ҳатто ярим финалга чиққан пайтда келажак тушумнинг ҳисоб-китобига тушиб кетишган: икки миллиард, уч миллиард... Буёғи, “Бели оғримаганнинг пул санашини кўринг,..”

Таърифу тавсиф

Энди, бу учрашувга нималар деб таъриф берилмади. Худди эртакларда айтилганидек, ишқибозу мутахассис нигоҳида бу – таърифларга тил ожиз беллашув эди: Кимдир уни тарихларга айлантирса, бошқаси икки денгиз тўқнашувига қиёс қилган...Айрим газетлар эса, ҳаммадан ҳам ўтиб тушиб, “уруш”га киришган. Бошқасининг наздида икковлоннинг миллий таомлари ҳам дахлсиз қолмаган: бу – “қовурилган балиғу картошка” ва “сосискаю шўрланган карам” орасидаги беллашув эди. Қорнингиз очиб турган бўлса, сўлагингиз оқиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Хуллас, ҳеч кимнинг бисотида ишлатилмаган ҳеч нарса қолмади. Ўзиям ҳар икки томон нақ 20 йил деганда илк бор тўқнашаётган эди-да! Таърифига тиллар айланмай қолган учрашув ўз атрофида давлат раҳбарларини ҳам айлантирганди. Масъулу номасъул вазирларнинг турли-туман баёнотлари қолиб, G20 га аъзо давлатларнинг олиймақом йиғини бўлмайдими, британ бош вазири Девид Камерун Канадада бўлсин, ушбу беллашувни кўраманга тушиб қолган…(футболнинг ватанида бу каби жабборликнинг сайловларда беъэтибор қолмаслиги тайинлигини айтинг!) Буёғи канцлеридан тортиб, бутун Олмония ҳам ғалаба даъвосида оврўподош қўшнисидан ошиб тушса тушгандирки, зиғирчалик ортда қолмаган: Ангела Меркел британиялик ҳамкасбини аллақачон ортда қолдириб, ҳақиқий ишқибозликни Италия бўлмайдими, миллий терма жамоасининг тайёргарлик жамлоғига шахсан ташриф буюриб, уларни Жанубий Африкага ўзи кузатиб қўйишдан бошлаган, учрашувни телевизор орқали бирга томоша қилиш ҳам гапми, дегандек. Газетларни-ку, энди қўяверинг, бу каби “жон” масалада ҳар галгидек сафнинг олд қаторида, қолган ҳаммани ортда қолдирган. Хўш, Англия нима учун Олмонияни енгади: Биринчидан, иккинчидан, учинчидан, қаторма-қатор, кетма-кет, узундан-узоқ сабаблардан иборат рўйхат давом этаверади...Рўйхатнинг узунлигидан тек турган бошингиз ҳам пастга қараб оғиб кетаверади – энгагингиз нақ томоғингизга бориб теккунча,..шундай бир пайтда шиддат билан кетаётган поездингиз бир қалқиб кетсая, Худо асрасин...Бу ҳам майли-куя, олмонларникини ўқиб туриб, бошингиз билан ўтирган ўриндиғингиз остига кириб кетмасангиз, ҳисоб эмас: “Бизда ҳеч ким Рунейчалик кўп шикоят қилмайди,” “Инглизлар каби “Адидас”нинг “Жабаланий” тўпига ҳам бунчалик эътирозимиз йўқ”, “Алал-оқибат “Оврўнигоҳ”да ҳам ютиб қўйган бўлсак, бунинг ирими ҳам биз томонда дея кўкрак керган! Бунинг устига устак, Британияда туғилиб, Олмония аквариумларидан бирида сақланаётган “фолбин” саккизоёқ ҳам Англия эмас, Олмония байроғи туширилган идишдаги емишни танлаб, фол очиб қўйган бўлса!..

‘Тарих ҳам биз томонда”

Шунча керилишу, ғолиблик иддаоси манзарасида томонларни бирлаштирган, даҳанаки жангнинг сулҳу мадорага етган нуқтаси – 11 метрлик жарима тўпига юкланган натижа эди! Буёғи ким-кимни енгиши ҳам бир четда қолиб, 11 метрлик жарима тўпини тепишда ким устаси фарангроқ экани каттаю кичик баҳсни қизитган. Худди учрашув тугаб, ҳозир майдонда 11 метрлик жарима тўпи тепилаётгандек...Ҳамма бирдек куйган: билгандан сўралган савол ҳам, қўйилган сарлавҳа ҳам, ёзилган мақола ҳам шу ҳақда. Газетлар йигирма йиллик тарихни титкилаган: Рақамнинг устига рақам...Олмония ўзининг 30 йиллик қилт этмаган рекорди билан керилса, ўтган етти йил ичида бирор бир жарима тўпини эплаб теполмаган бе-чора Англия бутунбошли мураббийси бошчилигида ўзлари ғолиб чиққан сўнгги ўртоқлик учрашувини ёдга солган: Футболда тарих тарихдан ўзгага ярамайди! Бунга ҳам чидолмаганлари, бунақа жарима тўпларининг юзтаси бўлмайдими, айнан Олмонияга қарши ўйинда ҳаммасини қотиришлари билан баланду паст овозда даъво қилган...Яна ўз иддаолари манзарасида учрашув тақдирини 11 метрлик жарима тўпига қолдирмасликларига оид баёнотлари ҳам (кимнинг қандай талқини мазмунида)бундан аввал қилган даъволарини савол остида қолдирган, хуллас, куннинг иссиғида айланмаган бошингиз ҳам айланиб кетади...

Аммо

2010 йилги Жаҳон чемпионатида тўртинчи бор майдонга тушаётган Англия ҳеч қайси учрашувни бунчалик интиқлик билан кутмаганди. Бутун мамлакат (пабларга йиғилган, уйларга тиқилган, боғларида чордона қурган, қўшнисиникига чопган, Блумфонтейннинг “Фри Стейт” стадионига йиғилган ўн миллионлаб ишқибозлар) якшанба кунги учрашувни том маънода соат ҳам эмас, дақиқа санаб кутди. Оммавий-ахборот воситаларида куннинг мавзусига айланди Англия-Олмония учрашуви ўша куни. Маҳаллий вақт билан соат 3.00 да бошланажак учрашувни эслатиб, журналистлар, тинглаб эса, ўша куни тингловчига айланган ҳамма чарчамади. Янги бош вазири илк бор иштирок этаётган Канададаги олиймақом учрашув ҳам бир четда қолди. Якшанба куни эмасми, барча анъанавий юмушларимдан фориғ, фақат бир неча соатга мен ва телевизор ёлғиз эдик: Ва ниҳоят “ўша” дақиқалар ҳам келди...Сизга ростини айтсам, ирим-сирим ўз йўлига-ку, инглиз футболчиларини яна қизил либосда кўриб, (Словенияга қарши ўйинда бекорга эмаслигини исботлаган эса-да), бу гал негадир бекор қилишибди, дедим. Нега кўнглимдан шу гап ўтди, ўзим ҳам билмайман. Назаримда, Олмонияга қарши ўйинда бу каби таваккалчиликка бориш хато эди. Баҳс бойлашиб қўйган эмасманми, истайманми-йўқми, Олмонияга ишқибозлик қилишим шарт эди. Аввал ҳам сизга бир неча бор айтганимдек, ўзим бўлмасам-да, кўнглим, юрагим Англияга бефарқ эмас. Икки ўт орасида қолган менинг аҳволимни ҳис этаётгандирсиз. Сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмаслик учун холис ишқибоз бўлиш, чиройли футболга ишқибозлик қилишга қарор қилдим. Сезгим алдамаганди, ҳисобни олмонлар очди, очди ҳам эмас, қисқа дақиқанинг ўзида жуфт ҳам қилишга улгурди. Чиройли футболга ишқибозлик қиламан, деган онгим кўнглимни оғритмаслик учун, “Го-оооол,” деб қичқирса қани! Майдондаги ўйин ҳам мендаги ақл ва ҳис-туйғунинг курашига ўхшарди...Ҳар доим ҳам бўлганидек, ақл ҳис-туйғудан устун келганди,...Олмонларнинг оқилона ўйини қаршисида инглизларнинг инобатга олинмаган тўпи ҳам, узундан-узоқ даъволари ҳам, журналистларнинг тўккан пешона терлари ҳам, атайдан кийилган қизил рангли либослар ҳам, юлдузу мураббийларининг шунча чиранишлари ҳам чиппакка чиққанди. Ўша куни ишқибозлик виждоним негадир сокин эди. Йўқ адашдингиз, эрта саҳарлаб атайдан кўз югуртирган газетларим ҳам бу гал негадир танқидлари тиғини уругвайлик ҳакамга эмас, “осмонўпар маошлари”дан босар-тусарини билмай, “ёғ босиб” қолган футболчиларга қаратганди. 44 йилдан буён сарфланаётган жарақ-жарақ пуллар ҳам, дунёнинг манаман деган давлатларидан келтирилган мураббийлар ҳам жавоб бўлолмаётган “Нима қилмоқ керак?” саволи қирқ тўртинчи бор яна кун тартибига чиққанди....Ишга келганимда эса, мени баҳсда ютқазиб қўйган ҳамкасбим келтирган бир товоқ иссиққина ош кўтарди.