Футбол бўйича жаҳон чемпионлари рўйхатида янги мамлакат

Image caption Испания жамоаси биринчи бор Жаҳон кубогини қўлга киритиб, чемпионлик ғурурини ҳис этмоқдалар.

Жанубий Африка Республикасида ўтказилган футбол бўйича жаҳон биринчилиги учун беллашувларнинг финал ўйинида Испния миллий жамоаси Ҳолландия устидан ғолиб чиқиб чемпионлик унвонини қўлга киритди.

Йоханесбургдаги финал ўйини деярли икки соат давом этди.

Асосий ўйин вақти натижасиз тугагани туфайли жамоалар қўшимча ўйин вақтида беллашувни давом эттирдилар.

Ишқибозлар " наҳотки бу гал ҳам чемпионни пеналтилар аниқласа". деган ҳаёлга бора бошлаганда, қўшимча вақт тугашига тўрт дақиқа қолганда Андрес Инъеста дарвозани аниқ нишонга олиб финалнинг ягона натижасига эришди.

Финал ўйинида гол ягона бўлди, аммо жарима карточкалари майдонда жуда тез-тез кўриниш бериб турди.

Image caption Ҳолландия ўйинчиларининг бошларини чангаллашга мажбур қилган Андрес Инъеста.

Ўйинга ҳакамлик қилган Британиялик Ховард Вебб 13 маротаба чўнтагидан сариқ карточкани чиқаришга мажбур бўлди.

Ўйиннинг 108 дақиқасида эса Ҳолландия ўйинчиси Жонни Ҳейтинга иккинчи маротаба сариқ карточка ортидан, қизилини олиб, майдонни тарк этди.

Ҳолландия жамоаси мураббийси ҳакамни ўйинни яхши назорат қила олмаганликда танқид қилди, лекин Испания жамоаси ҳақиқатан кучлироқ бўлганлигини тан олди.

Ўйиндан сўнг Оврўпо чемпионлари унвонига эндиликда Жаҳон чемпиони уновнини ҳам қўшиб олган Испанияда ҳақиқий байрам тантаналари бошланиб кетди.