ФИФА қирғиз ҳукуматидан ўзбек ҳакамнинг хавфсизлигини таъминлашни сўрамоқда

ФИФА Президенти Зепп Блаттер Қирғизистон раҳбари Роза Ўтинбоевага расман мурожаат қилиб, 2010 йилги Жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилган қирғизистонлик ўзбек ҳакам Баҳодир Қўчқоровнинг хавфсизлигини таъминлашини сўраган.

Ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматовга ёрдамчилик қилган Баҳодир Қўчқоров Қирғизистоннинг яқиндагина этник зўравонликларга саҳна бўлган жанубий Ўш шаҳридан.

Айнан Жаҳон чемпионатининг илк куни билан тўғри келган қонли низоларда юзлаб кишилар қурбон бўлган, минглаб кишилар яраланган ва шаҳардаги аксарият бинолар куйиб, кул бўлганди.

Ўшдаги оиласи қирғиндан қочиб, ертўладан бошпана топган бир кунда Баҳодир Қўчқоров Жаҳон чемпионатининг дастлабки учрашувига ҳакамлик қилишнинг уддасидан чиқа олади.

Ўша кунлари Россиянинг "Комсомльская правада" газети ,"Унинг рафиқаси, кекса онаси ва 8 ёшли ўғли икки кунни ертўлада ўтказишгани ва қирғиндан омон қолишган"и ҳақида ёзганди.

Қирғизистон жанубида кечаётган воқеаларга қарамай, Баҳодир Қўчқоров Равшан Эрматовга ёрдамчилик қилишда давом этади ва ярим финал дохил жами 5 беллашувда ҳакамлик қилишади.

Бир Жаҳон чемпионатининг ўзида беш бор ҳакамлик қилиш билан эса, Равшан Эрматов бошчилигида учовлон мексикалик Бенито Арчундия ва аргентиналик Ҳорасио Элизондалар билан бирга рекордчилар қаторига киришади.

40 ёшли Баҳодир Қўчқоров 1997 йилдан буён халқаро учрашувларни бошқаришда ёрдам бериб келади.

Ўзининг ҳакамлиги билан бутун дуёнинг диққатини тортган Равшан Эрматов эса, ўз ёрдамчилари билан ҳамкорликда кетма-кет икки бор "Осиёнинг энг зўр ҳаками" деб топилган.

Равшан Эрматов у билан бирга кўплаб энг нуфузли халқаро футбол мусобақаларини бошқарган.

Баҳодир Қўчқоров Жанубий Африкага жўнаб кетиши арафасида берган суҳбатларининг бирида, "Жаҳон чемпионатида ўз мамлакатини намоён этиши, Ўш ва Қирғизистонни ҳеч нарсага алишмаслиги"ни айтганди.