Миш-миш: Англия футболида нима гап эмиш?

Нима эмиш, қизил иблислар "Вердер" (Бремен) ўйинчиси Масут Озилни қўлга киритиш илинжида эмиш. Шартномасининг сўнгги йили қолган эмасми, собиқ Англия чемпиони олмониялик ўйинчи учун 13.5 млн. фунтни қуртдек санаб бермоқчи. Бу йилги Жаҳон чемпионатининг юлдузи, "Ўламан, Саттор, жамоамдан кетмайман," деяётган эмиш.

"Барселона" ўйинчиси Жавининг айтишича, Сеск Фабрегас "Арсенал"да узоқ қолмайди. Ҳеч ўзи чиққан Барсадан кўнгил уза олмаётган Сеск ўтган ҳафта бир амаллаб "Арсенал"да қолишини айтганди. Жавига кўра, январ ойида Сескка яна оғиз солиб кўришади. Шу пайтга келиб, "Арсенал" ҳам чемпионлик пойгасидан чиқиб кетади. Кейин ҳеч ким Сескни хоҳишига қарши ушлаб туролмайди, дейди Жави. Яна ким билади?...

Ўз келажагини ортиқ "Барселона"да кўрмаслигини баён қилиши ортидан "Ливерпуль" бош мураббийси Рой Хожсон Александр Хлебнинг ортидан тушган. "Арсенал"да ҳам ўйнаб кўрди, бизга ҳам бегона бўлмасин, деяётган эмиш...

Рой Хожсон бу билан ҳам кифояланмай, икки йил аввал ўзлари эшикка тўғри йўл кўрсатиб қўйган Питер Краучни ортга қайтариб олмоқчи эмиш. Питер бунга кўнармикан?..

LA Galaxy соҳиби Брюс Аренанинг айтишича, шифокорларнинг ташхисларига қарамай, Девид Бекҳам тез орада майдонга қайтармиш. Жаноб Арена Девид ҳали яна анча йиллар ўйин кўрсатади, деяётган эмиш.

"Ливерпул"нинг америкалик соҳиблари клубни хитойлик Кенни Хуанг эмас, суриялик Яхё Кирдига сотмоқчи эмиш. Аммо агар келаси икки ой ичида бир битимга келинмаса, "Ливерпул"нинг тақдири Шотландия Қироллик Банкининг қўлида қолармиш, ана сизга!..

Арсен Венгер "Арсенал"дан ҳеч қаёққа кетмайман, чиқсам, шу ердан нафақага чиқаман, деяётган эмиш. Бир мураббийнинг битта клубга содиқлиги бўлса, шунчалар бўлар, а, нима дедингиз?