Англиянинг футбол ҳаёти яна жонланди, ишқибозларники ҳам...

Community Shield ёки Ижтимоий Қалқон номини олган ўйин билан Англиянинг футбол ҳаёти қайта жонланди. Янги мавсум очилиш арафасида.

Ижтимоий Қалқон ўйинида Англиянинг ўтган мавсум биринчилиги ғолиби ва Англия Соврини эгаси беллашади.

Бу сафар Соврин ғолиби "Манчестер Юнайтед" биринчиликни қўлга киритган "Челси"ни 3:1 ҳисоби билан мағлуб этиб, янги мавсумда кимнинг қўли баланд келишига ишора қилгандек бўлди.

Агарда менга қоладиган бўлса, ҳозирнинг ўзида биринчиликни "Манчестерга" бериб қўйган бўлардим. "Манчестер" дедиму, "бердисини" атайин айтганим йўқ. Хўш, "Манчестер Юнайтед"ми ё "Манчестер Сити"?

Футбол жамоаси бир навъ зирхланган ҳарбий машинага ўхшайди. Ғилдираклари айланиб туриши керак, сув, мой, ёқилғи деганларидек, тўкис бўлмоғи даркор, онда-сонда, аниқроғи мутассил ўқми-тўпми ҳам отиб туриши лозим.

Айтмоқчи бўлган гапимни тушунган бўлсангиз керак. Ана шу қиёсда мойларнинг энг аълоси, эҳтиёт қисмларнинг энг қиммати "Манчестер Сити"да мужассам, бироқ "Манчестер Юнайтед" "обкатка"лардан ўтиб бўлган, бир ери чиқ этмайдиган, кўпни кўрган ўта ишончли машиналардан.

Ундан кейин унинг ҳайдовчиси, яъни мураббийси кимсан-ким Алекс Фергюсон. "Челси" билан бўлган сўнгги ўйин ҳам буни исботлагандек.

Хўш, бу дегани, биринчилик ғолиби Лондондан бўлмас экан-да деганими? Ким билсин...

"Челси"нинг бели унинг эгаси Роман Абрамовичдек ҳануз бақувват. Рост, Джо Коул, Майкл Баллак ва Карвальоларнинг жамоадан кетиши уни бироз заифлаштиргандек.

"Арсенал"нинг энг катта муаммоси - биринчилик катталари билан тенг беллашиш.

Ўтган мавсум кимларга ютқазди "Арсенал" - ана ўша биринчилик илғорларига.

Бу йил эса илғорлар сони аввалгидан ҳам кўпроқ. Биринчи тўртлик учун курашадиганлар - юқорида зикр этилганлардан ташқари "Тотенхэм", "Ливерпуль", "Астон Вилла", "Эвертон". "Тотенхэм"ни бу мавсум ғолибига чиқарадиганлар ҳам кам эмас.

Уч-тўрт йил бурун бойлар ўта бой, камбағаллар ўта қашшоқ бўлишган эса, энди инқироз буларни бироз теккислагандек бир ташбеҳ. Биздакаларга эса - томоша.