Янги мавсумда ким чемпион бўлади: яна "Челси"ми, "Манчестер Юнайтед" ёки?..

Англиялик футбол журналистлари, блоггерлар ва ишқибозлар ҳар ёз бу йил ким чемпион бўлишини башорат қилиш каби таваккалчиликдан ҳузур қилишади. Мана, бир неча йилларки, тилга олинувчи номлар ҳам ўша-ўша: “Манчестер Юнайтед”, “Челси”, “Ливерпул” ва “Арсенал”. Юқори тўртликни ҳам ҳар йили ушбу жамоалар эгаллаши бу ерда аллақачон анъана тусини олиб қолган. Фақат ўтган футбол мавсуми бундан истисно: “Ливерпул” еттинчи ўринга тушиб қолган, “Тоттенҳам” эса, анъанавий тўртликни парчалаб, Чемпионлар лигасида беллашиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Янги ўйинчиларга бу йил ҳам 100 миллион доллардан ортиқроқ пул сарфлаб қўйган “Манчестер Сити” назарда тутилса, ким чемпион бўлишини башорат қилиш янада қийинлашган:

“Челси”: Сўнгги Англия чемпиони ўз мавқеини осонлик билан бериб қўймаслиги аниқ. Асосий ўйинчилари ўша-ўша: Питр Чехдан тортиб, Дидье Дрогба, ҳаммаси сафда. Жамоа таркиби аввалгисидан ўзгармаган ва тажрибали ўйинчиларга тиқилиб кетган. Франк Лампард ва Ашлей Коул каби юлдузлари сўнгги Жаҳон чемпионатида ўзларини кўрсата олмаган бўлишлари мумкин, аммо чемпионлик учун курашда уларга бемалол суянса бўлади. Яқин-яқингача сардорлиги жамоага ниҳоятда қўл келган Жон Террининг тақдири ҳақида гап-сўзлар ҳам пайдо бўлган. “Челси”нинг меҳмонда қанчалик қойилмақом ўйин кўрсата олишига оид шубҳалар-да аримаган. Аммо Би-би-сининг Спорт масалалари бўйича мухбири Фил МакНалти мовийлар янги мавсумда ҳам чемпион бўлишади, деган ўйда.

“Манчестер Юнайтед”: Ўтган мавсумда чемпион бўлишига бир баҳя қолган. Фақат сўнгги учрашув ортидан курашни бой берган. Маҳоратли мураббийси сэр Алекс Фергюсон ҳожат йўқлигини айтиб, жамоаси таркибини деярли ўзгартирмаган. Аммо муваффақиятсиз Жаҳон чемпионати ортидан ҳозир ҳамма кўзлар жамоа ҳужумчиси Вейн Рунейга қаратилган. Чунки ўтган мавсумда Вейн рақиблари дарвозасини озмунча нишонга олмаганди. Лекин шунга қарамай, жаноб Фергюсон Жанубий Африкада ўзини роса кўрсатган мексикалик ҳужумчи Хавьер Ҳернандез ҳисобига ҳужум чизиғини янада мустаҳкамлаган. Бироқ ҳамма гап қизил иблисларнинг ҳимоясида. Худди инглиз терма жамоасидаги жамоадоши Жон Терри каби Рио Фердинанд ҳам ўтган мавсумда ўзини кўрсата олмаган. Жароҳатлар гирдобида қолиб кетган. Шунда ҳам бир неча карра Англия чемпионининг яна чемпионликка кўз тикиши тайин. Аммо Би-би-сининг Спорт масалалари бўйича мухбири Фил МакНалтининг башорат қилишича, қизил иблисларга бу йил ҳам иккинчи ўрин насиб этади.

“Арсенал”: Ўтган мавсумни учинчи бўлиб якунлаган. Кетма-кет беш йилдан буён чемпион бўлолмайди. Мураббийси Арсен Венгер ёш футболчиларга таяниш ва номи унча чиқмаган ўйинчиларни харид қилишни маъқул кўради. Жамоа майдонда қизиқарли ўйин кўрсатиши мумкин, аммо чемпионликка жиддий даъво қила олмайди. Аммо Барсанинг шунча уринишларига қарамай, “Арсенал” бу йил ҳам энг асосий ўйинчиси Сеск Фабрегасни тутиб қолди. Бу жамоа учун катта ютуқ. Лекин “Арсенал”нинг муаммоси дарвоза чизиғида. Бундан ташқари Киран Гиббс ва Жак Вильтшир каби энди етишиб чиқаётган ёш юлдузлари миллий терма жамоага жалб этилганларига қарамай, ҳали ўзларини кўрсатишлари керак. Ҳар доимгидек, ваъдалар бир талай. Бироқ кузатувчиларга кўра, ўзларини жиддий олишларини исташса, Арсен Венгернинг шогирдлари чиройли ўйиннинг ўрнига чемпион бўлиш аҳдида қатъий эканликларини изчил ўйинлари билан намойиш этишлари лозим.

“Ливерпул”: Ўтган мавсумга қадар юқори тўртликдан ҳеч пастга тушмаган. Жамоанинг чемпион бўлишга оид осмонўпар умидлари ўзини оқламаган ва алал-оқибат мураббийси Рафаэл Бенитез ўз вазифасидан четлатилган. Бунинг оқибатида энг йирик инглиз клубларидан бири бўлган “Ливерпул” мавсум оралиғида жиддий ўзгаришларга юз тутган. Янги бош мураббийси Рой Ҳожсон клубни қайта оёққа қўйиш ва футболчиларни руҳлантириш даражасида тажрибага эга. Бундан ташқари Жо Коул каби ниҳоятда маҳоратли ўйинчи билан шартнома имзолаши умидларни яна оловлантирган. Яна Стивен Жеррард ва Фернандо Торреслар ҳам клубда қолишмоқчи. Бу йил “Ливепул”нинг аввалги формасини тиклаб олиб, яна юқори тўртликка кириши ва Чемпионлар лигасида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритиши кутилмоқда.

“Тоттенҳам”: Ўтган мавсумда юқори тўртликка киришга муваффақ бўлган. Бу йил Чемпионлар лигасида ҳам тўп суради. Янги мавсумда ҳам юқори тўртликда қолишга ҳаракат қилиши тайин. Жамоада иқтидорли ўйинчилар бир талай. Аммо ҳимояси ва ҳужум чизиғи муаммолардан буткул фориғ эмас. Ирландиялик ҳужумчиси Робби Кин ва Питер Краучларнинг юлдузи бироз сўнгандек. Ледлей Кинг ва Жонатан Вудгейтларни жароҳатлари бироз қийнаб қўйган. Аммо хорватиялик Люка Модрич ва Нико Кранжарлар каби маҳоратли ўйинчилари бор. “Тоттенҳам” бу йил ҳам узоқ йиллар ортидан эришган ўтган йилги натижасини бемалол қайтара олиши мумкин.

“Манчестер Сити”: Мураббийси Роберто Манчини ихтиёридаги маблағларнинг кети кўринмайди. У ҳам оғиз очиб қараб ўтиргани йўқ. Испаниялик Девид Силва ва Барса юлдузи Яя Туре каби донгдор футболчиларни жамоага келтирди. Ўтган йили ҳам озмунча юлдузлар билан шартнома имзоламаган. Қоғозга қаралса, “Манчестер Сити” янги мавсумда аввалгидан ҳам кучли. Бироқ кўплаб кузатувчилар наздида ҳали ҳам янгилигича қолмоқда. Чемпионликка даъво қилиши учун уюшқоқ ва мунтазам ўйин кўрсатишга эришмоғи лозим. Бироқ 100 миллион фунтдан ортиқ сарф-харажатлари ва кети кўринмаётган амбициялари билан инглиз премьерлигаси янги бойваччасини назар-писанд этмаслик хато бўлади. Агар аргентиналик ҳужумчиси Карлос Тевез ўтган мавсумдагидек ўйин кўрсатса, улардан ҳар нарсани кутса бўлади.

Янги футбол мавсумида чемпионлик учун кураш ҳар йилдагисидан кўра ҳам қизғин кечадиган кўринади. Ким чемпион бўлишини башорат қилиш ҳам шунга яраша осон иш эмас.