"Ливерпул"нинг аҳволи ишқибозларини қанчалик куйдирмоқда?

Биз "Ливерпул"нинг бу йилги ўйини ишқибозларининг қанчалик хавотирларига сабаб бўлаётганини билиш учун улардан бири билан боғландик:

"Агар гапнинг ростини айтадиган бўлсам, мен "Ливерпул"нинг бу йилги ўйинидан ниҳоятда хафаман. Мен алал-оқибат ҳаммасининг шундай якун топиши, "Ливерпул"нинг майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам деярли буткул парокандаликка учрашини кутгандим. Бундан ташқари, клуб раҳбариятидаги муаммолар ҳам футболчиларнинг ўйинларини издан чиқариб юборди. Лекин, назаримда, ҳали собиқ мураббийси Рафаэль Бенитезнинг мураббийлиги остида "Ливерпул"нинг ўйини "синганди". Менимча, бугун номи деярли тилга олинмаётган бўлса ҳам, клубнинг ҳозир тушиб қолган аҳволига асосий айбдорлардан бири Рафаэль Бенитездир. Гапиришса ҳам, Рафаэль Бенитезнинг номини Истанбулдаги ютуғи билан боғлаб, тилга олишади. Аммо жамоанинг Истанбулдаги муваффақияти ортидан Рафаэль Бенитез "Ливерпул"ни кучайтиришнинг ўрнига, клубга ўртамиёна ўйинчиларни сотиб олишни бошлади. Ва бунга тескари равишда яхши футболчиларни сотиб юборди. Бунинг оқибатида жамоа бугунга келиб фақат Фернандо Торресга, у киритган тўпларга таяниб қолди. Демоқчиманки, Фернандо Торрес бўлмаса, тўп ҳам йўқ бўлган бир аҳволга келиб қолди. Унинг ўрнига майдонга тушадиган ҳужумчиларнинг савияси эса, ўртамиёна. Бундан икки йил аввал "Ливерпул"нинг қандай яхши ўйинчилари бор эди: Крейг Беллами, Питер Крауч, Робби Кин....Энди, Робби Кин ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Рафаэль Бенитез Роббини 20 миллион фунтга сотиб олиб, орадан олти ой ўтар-ўтмас, 12 миллион фунтга сотиб юборди. Биргина шу савдонинг ўзидан клуб 8 миллион фунт йўқотди. Рафаэль Бенитезнинг бу каби ишлари, бу каби қарорлари оқибатида "Ливерпул" нафақат ўртамиёна, балки турнир жадвалининг энг қуйи поғонасига тушиб кетган клубларнинг бирига айланди. Ва бир ишқибоз сифатида мен бундан ниҳоятда хафаман".