Англия футболидаги тўрт наҳангдан бири "Ливерпул"га нима бўлди?

Бу йилги футбол мавсумида ҳам ҳеч бўлмаганда юқори тўртликка кириши башорат қилинган "Ливерпул" бу ярим асрларда кўрмаган куйларга тушиб, турнир жадвалининг энг қуйи поғонасига тушиб кетган.

18 карра Англия чемпионининг бу каби ўйини кўплаб футбол мутахассисларининг ақлини шоширмоқда. Стивен Жеррард, Фернандо Торрес каби тажрибали ўйинчилари ҳам бу йил жамоага қўл келмаётган кўринади.

Ниҳоятда тажрибали мураббий Рой Ҳожсоннинг "Ливерпул"га ўтиши ҳам клубни муваффақиятсизлик гирдобидан олиб чиқолмаётгандек.

Клубнинг ўтган йилги ўртамиёна ўйинига ўша пайтдаги мураббийси Рафаэль Бенитез айбдор, деб кўрилган ва тинимсиз танқидлар ортидан, испаниялик мураббий "Ливерпул"ни ташлаб кетишга мажбур бўлганди.

Бироқ янги мураббийси ҳам "Ливерпул" ишқибозларининг тиккан умид кўзларини оқлай олмаётир.

Шундай экан, инглиз футболининг наҳангларидан бирига нима бўлди? Биз ушбу савол билан Спорт масалалари бўйича мухбиримиз Алекс Капстикка мурожаат этдик:

Алекс Капстик: Бу саволга аниқ жавоб айтиш қийин. Аммо клуб директорлар кенгаши аъзоларининг айтишларича, бунга майдондан ташқаридаги муаммолар сабаб бўлаётир. Сизга яхши маълумки, "Ливерпул" ҳозир стоувга қўйилган. Клубни Американинг NES ширкати сотиб олмоқчи. Аммо клубнинг жорий раҳбарлари улар таклиф этаётган 450 миллион доллардан ортиқ нархга рози эмаслар. Чунки таклиф этилаётган маблағ уларнинг қарзларини қоплаш учун етарли эмас. Шу сабабдан ҳам, улар келишувга тўсиқ қўйиб, ишни шу ҳафта охирида маҳкамага олиб чиқишмоқчи. Ана шу муаммолар ливерпуллик футболчиларнинг ўйинига ҳам таъсир қилмоқда. Бўлмаса, "Ливерпул" инглиз премьерлигасининг наҳангларидан бири. Ўтган йили ҳам Чемпионлар лигасининг саралаш босқич ўйинлариданоқ пастга қулаб, миллий чемпионатда ҳам юқори тўртликка киролмади. Янги мавсумни янги мураббий остида бошлади. "Фулҳам"да катта муваффақиятларга эришган Рой Ҳожсон мураббийликни олди. Ҳамма шундан сўнг клубнинг муваффақиятсизликлари барҳам топади, деб ўйлаганди. Лекин премьерлигадан учиб кетиш аҳволига тушиб қолди. Бунақаси клуб тарихида бу ярим асрда бўлмаганди. Ишқибозлар ҳам, сўзсиз, бундан мамнун эмас. Клубнинг тақдири билан боғлиқ мавҳумият, афтидан, ўйинчиларга салбий таъсир кўрсатаётган кўринади.

Би-би-си: Дейлик, олди-бердилар ҳал бўлиб, "Ливерпул" янги соҳиби ихтиёрига ўтгач, мавсум охирига қадар клуб яна ўзини ўнглаб олишга муваффақ бўлармикан?

Алекс Капстик: Менимча, бунга умид қилса бўлади. Чунки қоғозда олиб қаралса, "Ливерпул" ҳали ҳам Англия премьерлигасидаги энг кучли жамоалардан бири. Лекин, шуниси ҳам борки, агар молиявий муаммоларини тезроқ бир ёқли қилолмаса, клуб 9 очкосидан маҳрум этилади. Агар шундай бўладиган бўлса, бу "Ливерпул"нинг жорий мавсумдаги натижаларига жиддий таъсир қилади. Клуб, ҳаттоки, премьерлигадан пастга қулаши ҳам мумкин. Бу - "Ливерпул" учун ҳалокат бўлади. "Ливерпул" тезроқ янги соҳибининг қўлига ўтганда эди, ўйинчилар ҳам молиявий муаммоларни бир четга йиғиштириб, эътиборларини кўпроқ ўйинга қаратишган бўларди. Бу эса, клубнинг оёққа туришига сабаб бўларди. Агар хулоса қилиб айтадиган бўлсам, "Ливерпул" бу йил на-да юқори тўртликка кира олиши ва на-да чемпионликка жиддий даъвогарлик қилиши мумкин.