Ҳамманинг ақлини шоширган 'Манчестер Сити' панд еб, 'Ливерпул'га омад кулиб боқди

Англия премьерлигасининг навбатдаги босқич ўйинлари кутилмаган натижалари билан кимнидир кулдирган бўлса, бошқасини куйдирди.

Сарфлаётган пуллари қолиб, буёғига кетма-кет ғалабаси билан ҳамманинг ақлини шошираётган "Манчестер Сити" бу гал ўз майдонида панд еди.

Унча-мунча инглиз клубининг оғзидан сувини қочирувчи юқори тўртликни парчалаш у ёқда турсин, бу йил ҳатто ғолибликка кўз тикаётгандек кўринган мовийлар "Арсенал"ни босиб ўтишолмади.

Ҳар икки томоннинг кескин қарама-қаршилиги билан кечган ўйин ўзиям жарима карточкаларию, жарима тўпларига бой бўлди.

Алал-оқибат "Арсенал" инглиз премьерлигасининг энг ёрқин жамоаларидан бири эканини қайта исботлаган эса, миллионлаб доллар пулларию, сон-саноқсиз юлдузларига қарамай, "Манчестер Сити" энг беқарор клубларидан бири эканини намойиш этди.

Қизил иблисларга Руни йўқлиги ҳам панд бермади

Сара ҳужумчиси Уэйн Руни атрофидаги машмашалар билан кечган ҳафта клуб учун ҳам, сақичсевар мураббийси учун ҳам, юрагини ҳовучлаган ишқибозлари учун ҳам хайрли тугади.

Уэйн Руни яхшигина ҳақ эвазига клубда қолишга рози бўлганидан бор-йўғи 2 кун ўтиб, унинг жамоадошлари Рунисиз ҳам нималарга қодирликларини амалда исботлаб қўйишди.

Мексикалик ёш ўйинчиси Эрнандес рақиб дарвозасини қойилмақом услубда забт этиб, бемалол Рунининг ўрнини босиши мумкинлигини кўрсатди.

"Стоук" ҳам бўш келмади. Тунжай биринчи тўпидан кейин бепарволикка берилган қизил иблисларни яхшигина жазолашнинг уддасидан чиқди.

Агар Эрнандес яна бир бор рақиб дарвозасини нишонга олмаганида, "Манчестер Юнайтед"нинг ҳолига маймунлар йиғлаши турган гап эди.

Ва ниҳоят "Ливерпул"нинг кўчасида ҳам байрам

Бу йил турнир жадвалининг оқсоқлари рўйхатида бораётган "Ливерпул" деярли поғонадоши бўлган рақиби "Блэкберн"ни 2:1 ҳисобида ер тишлатиб, узоқ кутишлик ғалабага эришди.

Қизиллар бунгача кетма-кет етти учрашувида ғалаба қозона олмай, янги бош мураббийси Рой Хожсоннинг тақдирини қил устида қолдиришганди.

Рой Хожсон ўзининг истеъфосига оид гап-сўзларни кескин рад этиб чиққан бўлса ҳам, кўплаб экспертлар унинг тақдири сўнгги учрашув натижасига боғлиқ эканини таъкидлашганди.

Қизилларга сара ўйинчилари - Торрес, Жеррард ва Жо Коулларнинг қайтгани ниҳоятда қўл келди. Аммо "Блэкберн" ҳам бўш келмади.

Каррагерга тегиб, ўйиннинг ҳисобини тенглаштирган тўп "Ливерпул" ишқибозларини куйдирай деб турган пайтда, ҳар доимгидек қизилларга анъанавий қаҳрамони - Торрес яна қўл келди.

Ўйин натижаси турнир жадвалидаги ўринларга жиддий таъсир қилмаса ҳам, янги мавсумни муваффақиятсиз бошлаган қизилларга куч-қувват ва ишонч бахшида этиши тайин.

Бўриларга қарши кескин курашда ғалабага эришган "Челси" эса, турнир жадвалидаги мавқеини янада мустаҳкамлаб, изма-из келаётган рақибларидан нақ 5 очкога ўзиб кетди.