Руслан Чагаев Девид Ҳей жамлоғи билан музокаралари ҳақида нима дейди?

Image caption Руслан Чагаев бу йил албатта Жаҳон чемпионлиги камарини қайтариб олиш учун рингга тушиш аҳдида қатъий эканини айтмоқда

Ўзбекистонлик донгдор боксчига кўра, профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги камарини қайтариб олиш учун британиялик боксчи Девид Ҳей билан музокаралари қандай якун топишидан қатъиназар, бу йил албатта рингга тушиш аҳдида қатъийдир.

Профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифасида амалдаги Жаҳон чемпиони британиялик боксчи Девид Ҳей ўз камарини ҳимоя қилиш учун Руслан Чагаев билан ўтган ҳафта музокараларини бошлаб юборганди.

Музокаралар чоғида бўлажак жангнинг шу йил май ойи охирларида ўтказиш ҳақида сўз бораётгани айтилади.

Девид Ҳей жамлоғининг бу каби қарорига украиналик таниқли боксчи, WBO ва IBF йўналишлари бўйича Жаҳон чемпиони Владимир Кличко билан олиб борилаётган музокараларнинг чиппакка чиқиши сабаб бўлган.

Икковлон орасидаги бир неча йилдан буён кутилаётган ушбу жанг ва ниҳоят шу йилнинг 2 июлига режаланганди.

Девид Ҳейни тинимсиз жангга чорлаб келаётган Владимир кутилмаганда бошқа бир британиялик боксчи, энг оғир вазн тоифасида амалдаги Британия чемпиони Дерик Чисора билан рингга тушишга қарор қилган. Жанг апрел ойининг охирига режаланган.

Жаҳон Бокс Уюшмасининг (WBA) тартиб-қоидаларига мувофиқ эса, Жаҳон чемпионлиги учун курашда Руслан Чагаев Девид Ҳей рингга тушиши шарт бўлган рақиб ҳисобланади.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи Руслан Чагаев шу йилнинг май ойида австралиялик рақиби Кали Мианни енгиб, яна чемпионлик камарига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Руслан икки йил аввал профессионал боксда илк бор украиналик донгдор боксчи, WBO ва IBF йўналишлари бўйича Жаҳон чемпиони Владимир Кличкодан мағлубиятга учраб, чемпионлик камаридан буткул мосуво бўлганди.

У ўтган ноябр ойида Олмониянинг Ҳамбург шаҳрида бўлиб ўтган сўнгги жангида америкалик рақиби Тревис Уокерни ҳам мағлуб этиб, бундан кейинги жанги албатта Жаҳон чемпионлиги камари учун бўлишини айтганди.

Руслан Чагаев шу пайтгача профессионал рингда Девид Ҳей билан ҳеч қачон жанг олиб бормаган.

Девид бундан икки йил аввал энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони ва Руслан Чагаевнинг ашаддий рақиби Николай Валуевни ер тишлатиб, чемпионлик камарини қўлга киритганди. Ва орада бир неча бор чемпионлик камарини ҳимоя этишга ҳам муваффақ бўлган.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи эса, бундан аввал ўтказган 26 та жангининг 24 тасида ғалаба қозонган, биттасида мағлуб бўлган ва яна биттасини дуранг ҳисоби билан якунлаган.

Руслан Чагаев ҳозирги пайтда Олмониянинг Universum Box-Promotion клубида шуғулланади. Биз у билан боғланиб, музокаралар қандай бораётгани билан қизиқдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди