Лондон Олимпиадаси: 20 миллиондан ортиқ чиптага талаб бор

2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари ташкилотчиларининг айтишларича, шу пайтгача икки миллионга яқин ишқибоз жаъми 20 миллиондан ортиқ чипта сўраб, мурожаат этишган.

Сўнгги рақамлар британиялик спорт мухлислари учун мўлжалланган 6.6 миллионта чиптадан уч баробардан ортиқроққа кўпдир.

Ташкилотчиларга кўра, чипта олиш истагида бўлганларнинг 95 фоизи британияликлардир.

Улар маҳаллий ишқибозларнинг бу каби акс-садоларидан бошлари осмонга етганини айтишмоқда.

Айниқса, велопойга, спорт гимнастикаси, триатлон мусобақалари, Олимпия Ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимларига чипта олмоқчи бўлганларнинг сони тиқилиб кетган.

Шу сабабдан ҳам, ҳамма сўровлар йиғилгандан кейин тадбир ташкилотчилари уларни санаб чиқишади ва энг катта қизиқиш билдирилган спорт турларига чипталар лотереяга қўйилади.

Чипталарнинг пули банк ҳисобларидан 10 майдан бошлаб олинади ва харидорларга қайси спорт турларига чипта олганликларига оид расмий қайднома ҳам юборилади.

Дастлабки сўровлари қондирилмаган ишқибозларнинг ҳам хафа бўлишларига ҳожат қолмайди: улар сотилмай қолган чипталар учун июн ва июл ойларида қайта мурожаат этишлари мумкин бўлади.

Чипталар қанчага тушади?

Олимпиада Ўйинларига чипталарнинг нархи бир хил эмас, аммо шунда ҳам кишини яхшигина чақиб оладиган...

Дейлик, кўплаб ишқибозларнинг эътиборларини ўзига жалб этган эркаклар орасида 100 метрга югуриш мусобақасига чипталар 725 фунт стерлинг ёки қарийб 1.160 АҚШ доллари туради.

Ўйинларнинг очилиш маросимини яхшироқ жойдан ўтириб, томоша қиламан, десангиз, нақ 2.012 фунт тўлаб қўйишингизга тўғри келади.

Лекин қандай босқичда эканига қараб, аксарият спорт турларига бор-йўғи 20 фунт турувчи чипталар ҳам йўқ эмас.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари учун жаъми 9 миллионга яқин чипта ҳозирланган бўлса, улардан 75 фоизи расмий веб саҳифа орқали сотувга қўйилган.

Қолган чорак фоизи эса, бутун дунё бўйлаб миллий олимпия қўмиталари ва ҳомийларга тарқатилади.

Тадбир ташкилотчиларининг ишонтиришларича, чипталарнинг 90 фоизи 100 фунтдан, учдан икки қисми 50 фунтдан ва қолган 25 фоизи 25 фунтдан камроққа тушади.

Агар 16 ёшгача бўлсангиз, ёшингизга қараб ҳақ тўлайсиз: 7 ёшда бўлсангиз, етти фунт, 10 ёшда бўлсангиз, 10 фунт...

Нафақахўр бўлсангиз ҳам ташвишга тушиб ётманг, ташкилотчиларга кўра, сиз учун ҳам муайян чегирмалар кўзда тутилган.