'Бунёдкор' Осиё чемпионлар лигасида кейинги босқичга йўлланмани нақд қилди

Гуруҳ босқичининг навбатдаги учрашувида Бирлашган Араб Амирликларининг "Ал-Ваҳда" жамоасини 3:2 ҳисоби билан енгишга муваффақ бўлган "Бунёдкор" ўз гуруҳида иккинчи ўринга чиқиб олди.

Ўзбекистон чемпиони бундан аввалги тўрт учрашувини бир мағлубият, икки дуранг ва бир ғалаба билан якунлаганди.

Ҳисобидаги бу каби натижалар эса, ҳар сафар Осиё чемпиони бўлиш амбициясидаги жамоанинг кейинги босқичга чиқиш имкониятларини бу йил бирқадар шубҳа остига қўйганди.

Энди эса, 5 ўйиндан 8 очко тўплашга муваффақ бўлган "Бунёдкор" "С" гуруҳида Саудия Арабистонининг "Ал-Иттиҳод" жамоасидан кейин навбатдаги босқичга чиқиши мумкин бўлган иккинчи жамоага айланди.

"С" гуруҳида пешқадамлик қилаётган "Ал-Иттиҳод" клубининг ҳисобида эса, 10 очко бор.

Осмонўпар орзусига етиш учун ўз вақтида Луиз Фелиппе Сколари ва Ривальдо каби дунёнинг манаман деган мураббий ва футболчиларини Ўзбекистонга келтирган "Бунёдкор"га ҳозирча қитъа ғолиблиги насиб этмаган.

Бундан аввалги уринишлари эса, финалга етмаёқ чиппакка чиққан: жамоа бир неча бор ярим ва чорак финал билан кифояланишга мажбур бўлган.

Ўз ўрнида шуни таъкидлаш керакки, "Бунёдкор" бу йил бразилиялик тажрибали мураббийси ва футболчиларисиз ҳам майдонга тушмоқда.

"Бунёдкор"нинг Осиё чемпионлар лигасидаги кетма-кет мағлубияти ортидан "дунёнинг энг қиммат" мураббийси Луиз Фелиппе Сколари ўтган йили муддатидан илгари клубни тарк этганди.

Тажрибали легионерларининг ўтган йили "Бунёдкор"ни тарк этишларига эса, клубнинг асосий ҳомийларидан бўлган Zeromax ширкати ҳисобларининг музлатилиши важидан у юз тутаётган молиявий қийинчиликлар сабаб бўлгани айтилганди.

"Зеромакс" нефт ва газ соҳасида фаол бўлиб, Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқаси бор, деб ишониларди.

Биз Ўзбекистон чемпионининг сўнгги ғалабасини таҳлил қилиш учун ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаевни суҳбатга тортдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди