Миллиардер Роман Абрамович Карло Анчелоттининг ҳам баҳридан кечди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Омадсиз мавсумнинг сўнгги учрашуви ортидан Лондоннинг "Челси" клуби италиялик донгдор бош мураббийси Карло Анчелотти билан шартномасини муддатидан илгари бекор қилди.

Роман Абрамович "Эвертон"га қарши меҳмонда кечган ва клуби мағлубиятга учраган ўйиндан икки соат ўтиб, жаноб Анчелотти билан хайр-хушлашди.

51 ёшли мураббийнинг шартномаси тугашига яна бир йил қолганди.

Карло Анчелотти ўтган мавсумда ўз мураббийлик фаолиятини бошлаган бўлса, ўша йилнинг ўзидаёқ "Челси" ҳам Англия чемпиони бўлган ва ҳам Англия Кубогини қўлга киритганди.

"Бош мураббийнинг бу йилги фаолияти ўзини оқламади ва шу сабабдан ҳам, "Челси ҳали янги мавсумга ҳозирликлар бошланмай туриб, ўзгартиришлар қилишнинг вақти етди, деган қарор келди," дейилади клуб баёнотида.

Россиялик миллиардернинг мовийлари ўтган уч йил бадалида илк бор олий мукофотлардан қуруқ қолишди.

Янги мураббий излаб...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Челси" жорий мавсум натижаларига мувофиқ, иккинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлди.

Бу йил 19-бор Англия чемпионлигини қўлга киритган қизил иблислар билан ораларидаги фарқ эса, нақ 9 очкони ташкил этди.

Мовийлар бу йил Чемпионлар лигаси ва Англия Футбол Уюшмаси кубоги учун бўлган курашлардан ҳам эрта чиқиб кетишди.

Бу йил Англия премьерлигасининг анъанавий юқори тўртлигини парчалаши кутилган яна бир бойвачча "Манчестер Сити" клубининг ҳам уларни ортда қолдиришига оз қолди.

Иккинчи ўрин тақдирини фақат урилган ва ўтказиб юборилган тўплар ҳисобидаги катта фарқ белгилади, холос.

Сўнгги йилларда омадсиз бош мураббийларидан воз кечиш "Челси" клубида нақ анъанага айланаёзди.

2008 йилда мавсумни қуруқ қўл билан якунлагани учун мураббийси Аврам Грантни шундай тақдир кутганди.

Кейинги мавсумда эса, бразилиялик бошқа бир донгдор мураббийси Луис Фелиппе Сколарининг баҳридан кечганди.

Сўнгги мураббийси Карло Анчелотти ҳам "Челси"да қолиш истаги борлиги, аммо клубнинг қаттиққўл раҳбарияти ўзига бошқа танлов қолдирмаганлигини айтган.