Жаҳон чемпионати: Ўзбекистонлик футболчилар тарихий ютуққа эришишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи FIFA

17 ёшгача бўлганлар орасида Мексикада бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси муҳим ва тарихий ютуққа эришди.

Гуруҳ босқичида бўлиб ўтган иккинчи тур беллашувида ўзбекистонлик ёш футболчилар америкалик рақибларини 2:1 ҳисобида мағлуб этишди.

Улар эришган ғалабанинг муҳимлиги шундаки, шу пайтгача Ўзбекистон миллий терма жамоаси 17 ёшгача бўлганлар орасидаги Жаҳон чемпионатида уч очкони қўлга киритмаган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, америкалик футболчилар чехларга қарши илк учрашувларини ғалаба билан бошлашган бўлса, ўзбекистонлик футболчилар Янги Зеландияга ўйинни йирик ҳисобда бой беришганди.

Аммо америкаликларга қарши ўйинда ўзбекистонлик футболчилар қатъият кўрсатиб, рақиб ҳимоясини дадиллик билан ёриб ўтишга муваффақ бўлишди.

Учрашувнинг биринчи 25 дақиқасидаёқ рақибларининг кетма-кет хатоларидан унумли фойдаланишди.

Ўйинда ҳисобни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг ёш ўйинчиларидан бири бўлган Бобир Давлатов очди.

Америкаликларда ҳам бир неча бор рақиблари дарвозасини забт этиш имконияти бўлди.

Аммо Ғанишер Холмуродов дарвозасига жиддий таҳдид солишнинг уддасидан чиқишолмади.

Бу эса, америкалик футболчиларни асабийлаштирмасдан қўймади.

Биринчи тайм тугашига яқин жарима тўпи ҳисобига ўзбекистонлик футболчиларда ҳисобни янада ошириш имкони бўлди. Аммо америкаликлар дарвозабони Кендалл МакИнтош бўш келмади.

Иккинчи қисм

Танаффусдан сўнг ўзларини бироз ўнглаб олган америкаликлар ўйиннинг иккинчи қисмини ҳужумкор руҳда бошлашди.

Бу эса, қисқа вақт ичида ўз натижасини бермай қолмади. Альфред Комора 47-дақиқада ўйинда ҳисобни тенглаштирди.

Ўзбекистонлик футболчилар ҳам бўш келишмади. Аммо Америка томони ҳам ҳимояда яхши ўйин кўрсатди.

Аммо америкаликлар ҳимоячиси Кэрроллнинг ҳимоядаги хатоси ўз миллий терма жамоасига қимматга тушди.

Учрашувнинг 53-дақиқасида америкаликлар дарвозасига белгиланган 11 метрлик жарима тўпини ўзбекистонликлар сардори Аббосбек Махсталиев зое кеткизмади.

Америкаликлар дарвозабони тўпнинг йўналишини аниқ кўра билган бўлса ҳам, уни тутиб қолишнинг уддасидан чиқолмади.

“Д”гуруҳининг бошқа бир учрашувида эса, Чехия Янги Зеландияни 1:0 ҳисобида мағлуб этди.

Иккита учрашув ортидан гуруҳдаги ҳар бир миллий терма жамоа ҳисобида 3 очкодан бор.

Ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаевнинг урғулашича, шу сабабдан ҳам, сўнгги учрашувлари гуруҳдаги барча жамоалар учун ҳал қилувчи бўлади.

“Урган ва ўтказиб юборган тўплари ҳисоби бўйича ҳозир ўзбекистонлик футболчилар ўз гуруҳида 3-ўринда туришибди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, сўнгги ўйини дуранг натижа билан тугаса ҳам, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 4 очко жамғариб, учинчи ўриндаги энг яхши жамоалар қаторига қўшила олиши мумкин”, дейди шарҳловчи.

Ўзбекистонлик футболчилар 26 июн куни ҳал қилувчи учрашувда чехларга қарши, америкаликлар эса, 25 июн куни янги зеландияликларга қарши майдонга тушишади.

Илк ғалабаси эса, ўзбекистонлик футболчиларнинг кейинги босқичга чиқиш имкониятларини анчайин яхшилади.