Сервер Жеппаров ўзбекистонлик 'энг қиммат легионер'га айланди

Сўнгги хабарлардан аён бўлишича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жеппаров Саудия Арабистонининг "Ал-Шабаб" клуби билан 8 миллион долларга тенг шартнома имзолаб, ўзбекистонлик энг қиммат легионер футболчига айланди.

Бу ҳақда Осиё Футбол Конфедерацияси тарқатган хабарларда айтилади.

Аммо, айрим манбаларга кўра, Осиёнинг 2008 йилги "Энг яхши футболчиси" Сервер Жеппаров Саудия Арабистони клубига 3.200 долларга тушган.

"Бунёдкор" юлдузи сўнгги мавсумни Жанубий Кореянинг "Сеул" жамоасида ўтказганди.

Ўзбекистонлик сара футболчи тўп сурган мавсумда орадан 10 йил ўтиб, "Сеул" яна Жанубий Корея чемпиони ҳам бўлганди.

"Сеул"нинг бу каби ютуғида Сервер Жеппаровнинг ҳам улуши озмунча бўлмагани айтилади.

28 ёшли Сервернинг беш карра Саудия Арабистони чемпиони бўлган "Ал-Шабаб" билан шартномаси уч йилга мўлжалланган.

Сервернинг ўзи "Сеул"дан "Ал-Шабаб"га ўтиши футболчилик карьерасида олдинга қўйилган ижобий қадам эканини айтмоқда.

"Ҳам маҳоратини яхшилаш ва ҳам араб футболини чуқурроқ ўрганиши маънисида "Ал-Шабаб"га ўтиши Сервер Жеппаровга яхши бўлди", дейди ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев.

Аброр Имомхўжаевга кўра, Бразилия ва Аргентиналик қатор легионерларнинг Саудия Арабистонида тўп суриши ҳам Серверга ниҳоятда қўл келади.

"Ал-Шабаб"га ўз вақтида бразилиялик донгдор мураббий Луиз Фелиппе Сколари ҳам бошчилик қилган.

Ўзбекистонликлар сардори энди "Ал-Шабаб"нинг шу йил июн ойида тайин этилган янги бош мураббийси, бельгиялик Мишел Прюдомм қўл остида тўп суради.

Сервер Жеппаров Жанубий Корея Олий лигасида ўттиздан ортиқ учрашув ўтказган.

Сўнгги йилларда Саудия Арабистонининг кўзга кўринган жамоалардан бўлган "Ал-Шабаб"нинг ўйини анчайин орқага кетган.

Жамоа қандай қилиб бўлмасин, янги мавсумда ўз натижаларини яхшилаш ниятида.

Саудия Арабистонининг энг тажрибали клубларидан бўлган "Ал-Шабаб" ўтган йили миллий чемпионатда тўртинчи ўрин билан кифоятланган.

Осиё чемпионлар лигасидаги иштирокига ҳам муддатидан бурун якун ясаган.

Аммо клубга Осиё чемпионлар лигаси яхши синашта - жамоа ўз вақтида ўйинларнинг чорак ва ярим финалига ҳам чиқишга муваффақ бўлган.

Айрим хабарларда "Ал-Шабаб"нинг "Пахтакор" клуби собиқ сардори Одил Аҳмедов ва "Бунёдкор" ўйинчиси Азизбек Ҳайдаровларга ҳам қизиқиш билдиргани айтилганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сервер Жеппаров сардорлиги остида Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубоги ўйинларида қойилмақом ўйин кўрсатиб, ўз тарихида илк бор қитъанинг энг яхши тўрт жамоаси сафларига кирганди.

Сервернинг июл ойи охирларида янги жамоасига қўшилиши айтилмоқда.