Жаҳон чемпионати: Ўзбекистон Тожикистонни 1:0 ҳисобида мағлуб этди

Осиё қитъасидан футбол бўйича 2014 йилги Жаҳон чемпионатига учинчи босқич беллашувларини бошларкан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун тожикистонлик рақибларига қарши тўп суришади.

Ҳар икки миллий терма жамоага ҳам шу пайтга қадар Жаҳон биринчилигининг якуний босқичига чиқиш насиб этмаган.

Қуръа натижаларига мувофиқ, ўзбекистонлик футболчилар меҳмонда суриялик рақибларига қарши майдонга тушишлари лозим эди.

Аммо Тожикистонга қарши иккинчи босқич саралаш учрашувларида ҳақсиз бўлган ўйинчини майдонга туширганини айтиб, куни-кеча ФИФА Сурияни Жаҳон чемпионатидан четлатишга қарор қилди.

Футбол шарҳловчилари эса, ҳар доим бўлганидек, бу икки миллий терма жамоа орасидаги ўйиннинг аёвсиз бўлишини башорат этишмоқда.

"Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида шу кунгача ўтказилган ўйинларнинг ҳаммаси жанговар руҳда, худди йирик футбол учрашувларидагидек, биринчи дақиқадан бошлаб, охиригача тенг курашда ўтиб келган", дейди ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев.

Ахбор Имомхўжаев, ўз ўрнида, бугунги учрашув ҳар икки миллий терма жамоа учун ҳам муҳим экани, шу боис, икковлон ҳам бор кучларини ишга солиб, энг кучли таркибини майдонга туширишини айтади.

Таниқли футбол шарҳловчисига кўра, худди шу омил назарда тутилса, бугунги учрашув натижасини олдиндан башорат қилиш ниҳоятда қийин:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон тушган "С" гуруҳида Тожикистондан ташқари яна тўрт карра Осиё чемпиони Япония ва катта футбол таъмини яхшигина татиган Шимолий Корея ҳам бор.

Мавжуд тартиб-қоидаларга мувофиқ, кейинги босқичга ўз гуруҳида биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган миллий терма жамоаларгина чиқишади.

Ахбор Имомхўжаевга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ана шу иккиликка киришни мақсад қилган ва Тожикистон ҳамда Японияга қарши дастлабки икки учрашувда 100 фоизлик натижа кўрсатишга бел боғлаган.

Рақиблар

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақаси ва Осиё қитъасидаги кўзга кўринган жамоалардан бири ҳисобланади.

Қолган минтақа давлатлари билан солиштирганда, Ўзбекистон ОФК ва ФИФА рейтинггида энг яхши кўрсаткичга эга.

Дейлик, Ўзбекистон ФИФА рейтингида 82-ўринни эгаллаб турган бўлса, Тожикистон улардан 71 ўрин пастда. Бу Қозоғистон ва Туркманистондан ҳам паст кўрсаткичдир.

Ўтказган халқаро ва ўртоқлик учрашувларининг сони бўйича ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси пешқадам мавқеъда.

Терма жамоа Осиё қитъасида Япония, Австралия, Жанубий Корея, Эрон ва Хитой терма жамоаларидан сўнг 6-ўринда бормоқда.

ФИФАнинг қарори ўзлари учун кутилмаган бўлган Тожикистон миллий терма жамоаси ҳам сўнгги кунларда тайёргарликка зўр берган.

Тожикистон Президентининг ўғли, мамлакат футбол федерацияси вице-президенти миллий терма жамоага куратор этиб тайинланган.

Рустам Имомали ўз футболчиларига ёрдам бериш учун бор кучини ишга солишга ҳам ваъда берганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси иккинчи босқич саралаш учрашувларида бошқа бир марказий осиёлик рақиби - Қирғизистонни ҳар икки ўйинда ҳам йирик ҳисоб билан енгиб, кейинги босқичга кўтарилган.

Сўнгги шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги учрашув маҳаллий вақт билан соат 4:30 да Тожикистоннинг Турсунзода шаҳридаги "Металлург" стадионида бошланади.

"Талас" тўфонига қарамасдан, Япония ва Шимолий Корея орасидаги илк учрашув ҳам режага мувофиқ бугун бўлиб ўтадиган.

Бундан аввал жума куни тунда тўфоннинг Япония қирғоқларига етиб келиши ўйиннинг кечиктирилиши мумкинлигига оид хавотирларга сабаб бўлганди.

Саралаш босқич беллашувларида қатнашиш истагини билдириб, Осиё қитъасидан жаъми 43 давлат ариза топширган.

Улар 2014 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Осиё қитъасига ажратилган 4.5 та ўрин учун кураш олиб бориб келишмоқда.