Олтин тўп учун кураш: яна Месси, Роналду ва Ҳави...

Лионел Месси Фото муаллифлик ҳуқуқи no
Image caption Бу йил ҳам омад Аргентина футболи юлдузи Мессига кулиб боқиши башорат этилмоқда

Испания чемпионатининг уч вакили – Месси, Роналду ва Ҳави ФИФА таснифи бўйича 2011 йилнинг “Энг зўр футболчиси” ва “Олтин тўп”ига даъвогарлар рўйхатига киритилишган.

Аргентина юлдузи Лионел Месси ўтган икки йил кетма-кет ушбу олий мақомга лойиқ деб топилган бўлса, унинг “Барселона”даги жамоадоши Ҳави учинчи ўрин билан кифояланганди.

“Реал” (Мадрид) ярим ҳимоячиси Роналду 2008 йилда (ҳали Англиянинг “Манчестер Юнайтед”ида тўп сурган пайтларида) дунёнинг энг қойилмақом футболчиси, деб топилганди. 2007 ва 2009 йилларда эса, унга иккинчи ўрин насиб этганди, холос.

Энди улар спорт журналистлари, мураббийлар ва миллий терма жамоалар сардорларининг овозларини қозонишлари лозим бўлади.

Фергюсон-Гвардиола-Моуринью

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Жаноб сэр Фергюсон бу гал "Жаҳоннинг энг зўр мураббийси" бўлмоқчи

Сўнгги мавсумда “Манчестер Сити” дарвозасига киритган ажойиб тўпи учун қизил иблислар ҳужумчиси Уэйн Руни “Йилнинг энг зўр тўпи” мукофотига даъвогарлик қилмоқда.

“Манчестер Юнайтед” бош мураббийси сэр Алекс Фергюсон эса, “Йилнинг энг яхши мураббийси” мақоми учун беллашмоқда.

Қизил иблислар жаноб Фергюсон қўл остида кечаётган йилда 19-бор Англия чемпиони бўлишганди.

Ушбу мақомга яна “Барселона” бош мураббийси Пеп Гвардиола ва “Реал” (Мадрид)га устозлик қилаётган Жозе Моуриньюлар кўз тикишган.

Гвардиоланинг “Барселона”си бу йил Чемпионлар чемпиони бўлишдан ташқари, ашаддий рақиби “Реал”ни доғда қолдириб, Испания чемпионлигини ҳам қўлга киритган.

Аммо Жозе Моуриньюнинг шогирдлари Испания Қироллик кубоги учун курашда уларни мағлуб этиб, бироз бўлса-да, қасдларини олмай қўйишмаганди.

Месси битта мақом билан кифояланадиган кўринмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Лионел Месси бундан аввал ҳам икки бор "Жаҳоннинг энг зўр футболчиси", деб топилган

“Йилнинг энг яхши тўпи” мукофотига Рунидан ташқари Чемпионлар лигаси беллашувларида “Арсенал” дарвозасига урган тўпи учун Месси ва ўзининг қойилмақом тўпи билан “Фламенго”лик рақибларини доғда қолдирган бразилиялик Неймарлар ҳам даъвогарлик қилишмоқда.

“Йилнинг энг яхши” футболчиси таснифида ҳам омад Лионел Мессига кулиб боқиши башорат этилмоқда.

Чунки Месси сўнгги мавсумни олиймақом ўтказиб, рақиблари дарвозасига 53 та тўп киритишга муваффақ бўлган.

Ушбу мақом учун курашда ғолиб чиққан тақдирда, Месси кетма-кет уч бор “Йилнинг энг яхши футболчиси”, деб топилган бўлади.

Ғолиблар эса, келаси йилнинг 9 январ куни Цюрихда бўлиб ўтажак маросимда эълон қилинади.

Бу мавзуда батафсилроқ