Равшан Эрматов: ‘Тўрт марта Осиёда энг зўр бўлишнинг ўзига яраша юки ҳам бор’

Ўзбекистонлик донгдор ҳакам Равшан Эрматовнинг Би-би-си билан суҳбатида айтишича, кетма-кет тўрт бор “Осиёнинг энг зўр ҳаками” бўлиш кишига улкан масъулият юклайди.

“Осиё Футбол Конфедерацияси билдирган бу каби олий ишонч, ўз навбатида, зиммангизга катта масъулият ҳам юклайди. Чунки ҳамманинг эътибори сизда бўлади. Барча сиздан фақат ва фақат энг олий даражадаги ҳакамликни кутади. Шунинг учун ҳам бунинг ўзига яраша “юки” бўлади”, дейди у.

Осиё Футбол Конфедерацияси шу йилнинг 23 ноябр куни бўлиб ўтган йиллик тақдимот маросимида Равшанни яна бир бор “Осиёнинг энг қойилмақом ҳаками”, деб эълон қилганди.

У қитъанинг энг зўр ҳакамлиги учун беллашувда япониялик Юичи Нишимура ва саудия арабистонилик Халил ал-Гамдийларни доғда қолдириб кетган.

Равшан бу йил ҳам Осиёда ўтган энг муҳим беллашувларга ҳакамлик қилган.

Сўнгги Осиё Кубоги ва клублар ўртасидаги Осиё чемпионлар лигасининг финал учрашувларини бошқариб, яна бир бор ўзининг қойилмақом ҳакамлик маҳоратини намоён этганди.

“Мен 2008 йилда илк бор “Осиёнинг энг зўр ҳаками”, деб топилган пайтда қандай ҳаяжонланган, қанчалик хурсанд бўлган бўлсам, бу гал ҳам худди шунчалик ҳаяжонландим, хурсанд бўлдим”, дейди Равшан:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Равшан ўз ҳакамлик фаолияти давомида эришган оламшумул ютуқлари билан Осиё футболи тарихига кирган.

Шу йил бошида ўзбекистонлик донгдор ҳакам Халқаро Футбол Тарихи ва Статистикаси Уюшмаси томонидан дунёдаги иккита зўр ҳакамдан биттаси деб ҳам топилганди.

Ҳалича на-да собиқ Шўро давлатлари ва на-да ўзбекистонлик ҳакамлардан бирортаси бу каби мақомга лойиқ деб топилмаган.

Равшан Эрматов Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги Жаҳон чемпионатида ҳам энг зўр ҳакамлардан бири деб кўрилганди.

2010 йилги Жаҳон чемпионатининг илк учрашувини очиб бериш билан Равшан танимаганга ҳам ўзини танитган, бир биринчиликнинг ўзида беш беллашувга ҳакамлик қилиш билан эса, номи халқаро рекордчилар рўйхатига ҳам кирган.

Рaвшан майдондаги "ўз ўрни" билан дунёнинг манаман деган футболчилари, мутахассислари ва мураббийларининг ҳурматларини қозонган.

Кимга ишқибозлик қилишларидан қатъиназар, ўзининг холис ва профессионал фаолияти билан эса, дунёдаги ҳар қандай "муккасидан кетган" футбол ишқибозининг ҳам кўнглини топа олган.

Бу мавзуда батафсилроқ