Ахбор Имомхўжаев: ‘Бразилия 2014 – биз мақсадга анча яқинлашдик’

Футбол бўйича 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг Осиё қитъасидан учинчи босқич саралаш беллашувларида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг “С”гуруҳида ўтказган дастлабки уч учрашуви шарҳловчилар томонидан ижобий баҳоланмоқда.

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳозиргача кўрсатган ўйинлари билан бу йил илк бор Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиш мақсадига анча яқинлашган.

Шарҳловчига кўра, “Бу каби натижа – футболда катта гап”дир.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз майдонида тўрт карра Осиё чемпиони кимсан Японияга қарши 1:1 дуранг ҳисоби қайд этиб, Тожикистон ва Жаҳон чемпионати таъмини татишга улгурган Шимолий Кореяни меҳмонда 1:0 ҳисобида мағлуб этди.

Ўзбекистонлик футболчилар бу каби натижа билан ҳар уч ўйиндан 7 очко тўплаб, “С” гуруҳида фақат тўплар ҳисобидаги фарқ билангина Япониядан кейин иккинчи ўринни эгаллаб туришибди.

Япония миллий терма жамоаси эса, 11 октябр куни ўз майдонида тожикистонлик рақибларини йирик – 8:0 ҳисоби билан мағлуб этишга муваффақ бўлганди.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, гуруҳда қўлга киритилган иккинчи ўрин ҳам кейинги босқичга чиқиш имконини беради.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳозирча Япония билан бирга ўз гуруҳида мағлубият аламини татимаган иккита жамоадан биттаси бўлиб турибди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳалича ўз тарихида Жаҳон чемпионатининг финал босқич беллашувларига чиқишга муваффақ бўлмаган

Ўзбекистонлик футбол мутахассисларига кўра ҳам, миллий терма жамоа бу гал ўз олдига энг олий мақсадларни қўйган ва Жаҳон биринчилигининг якуний босқич беллашувларига чиқиш учун ҳозир ҳар қачонгидан кўра ҳам яхшироқ имкониятларга эга.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси энди 11 ноябр куни Тошкентнинг “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтажак жавоб учрашувида шимолий кореялик рақибларига қарши майдонга тушишади.

Тажрибасидан келиб чиқиб, “С” гуруҳида мутлақ пешқадамликни Японияга бераётган футбол мутахассислари эса, иккинчи ўрин учун кураш айнан Ўзбекистон ва Шимолий Корея орасида кечишини урғулашади.

Аммо Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бу ўйинда ҳам ғалабага бўлган ишонч ва ҳужумкор футбол намойиш этиб, яна ўз мухлисларини хурсанд этишига ишончи комил.

Муҳим ғалаба

Ўзбекистонлик футбол шарҳловчиларига кўра, 11 октябр куни Пхеньянда бўлиб ўтган учрашувда қайд этилган ҳисобдан фақатгина “Машъал” радиоси орқали хабар топган эсалар-да, ўзларию футбол ишқибозлари миллий терма жамоаларининг муҳим ғалабасини олқишлар билан кутиб олишган.

“Ҳисоб аён бўлиши ортидан, бу ерда байрам бўлиб кетди, ҳамма ёғда хурсандчилик эди”, дейди ўзбекистонлик фахрий шарҳловчи Ахбор Имомхўжаев.

Аён бўлишича, ҳар икки томон учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб кўрилган эса-да, учрашув на-да Ўзбекистонга ва на-да Шимолий Кореянинг ўзига олиб узатилган.

Ахбор Имомхўжаевга кўра, бўлиб ўтаётган ўйин тафсилотлари ва учрашув тақдирини ҳал қилган ягон тўп ҳақида ҳам фақат “Машъал” радиоси орқали вақти-вақти билан бериб турилган хабарлардан огоҳ бўлишган, холос.

“Аммо эртаси куни Ўзбекистон телевидениеси орқали бир эмас, уч маротаба олиб кўрсатилса ҳам, мухлислар ўз миллий терма жамоалари ғалаба қозонган ўйинни хурсанд бўлиб, мазза қилиб томоша қилишди. Бу учрашув – Ўзбекистон футболи учун энг ёрқин хотиралардан бири бўлиб қолса керак”, дейди у.

Жуда кескин ва муросасиз кечгани айтилган ўйиннинг 25-дақиқада Александр Гейнрих томонидан киритилган тўп Ўзбекистон миллий терма жамоасининг орзиқиб кутилган ғалабасини таъминлаганди.

Рақиблар

Тожикистон миллий терма жамоаси эса, 11 ноябр куни ўз тарихида энг йирик ҳисоб билан енгилган япониялик рақибларини қабул қилади.

Тожикистонлик футболчиларнинг саралаш босқич учрашувларида муносиб ўйин кўрсатишларини таъминлаш мақсадида кураторликни президент Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Имомали ўз зиммасига олган бўлса ҳам, улар дастлабки уч учрашувларини ҳам мағлубият билан якунлаб, “С” гуруҳида бирор бир очкосиз энг сўнгги ўринда боришмоқда.

Тожикистонни енгиб, Япония ва Ўзбекистонга енгилган Шимолий Корея ҳисобида эса, ҳозирча уч очко бор. Ва гуруҳда Ўзбекистондан кейин 3- ўринни эгаллаб турибди.

Саралаш босқич беллашувларида қатнашиш истагини билдириб эса, Осиё қитъасидан жаъми 43 давлат ариза топширганди.

Шуларнинг орасидан Марказий Осиё минтақасини ҳозирги босқичда фақат Ўзбекистон ва Тожикистон миллий терма жамоалари намоён этишмоқда.

Улар “омон қолган” 20 миллий терма жамоа қаторида 2014 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Осиё қитъасига ажратилган 4.5 та ўрин учун кураш олиб боришмоқда.

Қолган тўрт гуруҳда ҳозирча Иордания, Жанубия Корея, Япония, Австралия ва Эрон пешқадамлик қилишмоқда.

Айниқса, ҳар уч учрашувини ғалаба билан якунлаган Австралиянинг ўйини футбол доираларида каттагина шов-шувларга сабаб бўлмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ