ФИФА Ўзбекистон Футбол Уюшмаси ва футболчиларини жазолади

Халқаро Футбол Уюшмасининг швейцариялик Марсель Матье раислигидаги Тартиб-интизом қўмитаси Ўзбекистон Футбол Уюшмаси ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг беш нафар сара футболчисини жазолаш ва жаримага тортишга қарор қилган.

Бу ҳақда ФИФАнинг расмий веб саҳифасида чоп этилган баёнотда айтилади.

Аён бўлишича, бунга ўзбекистонлик футболчиларнинг 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг Осиё қитъасидан учинчи босқич саралаш учрашувлари доирасида тожикистонлик рақибларига қарши ўтказган ўйини сабаб бўлган.

Учрашув 2011 йил 15 ноябр куни Тошкентнинг марказий “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу ўйинга ўз гуруҳидан тўртинчи босқич саралаш беллашувларига муддатидан илгари йўлланмани қўлга киритган ҳолда майдонга тушганди.

“Учинчи босқич саралаш учрашувларининг бундан аввалгиларида аллақачон сариқ карточка олган беш нафар ўзбекистонлик футболчи Тожикистонга қарши ўйиннинг 70-дақиқаларида ва сўнггида беллашув вақтини атайдан чўзганликлари учун огоҳлантирилганлар”, дейилади ФИФА баёнотида.

Халқаро қўмитанинг билдиришича, “ФИФА Тартиб-интизом кодексининг 17-моддаси 3-бандига мувофиқ иккита огоҳлантириш олган ушбу футболчилар Японияга қарши учинчи босқич саралаш беллашувларининг сўнгги учрашувини ўтказиб юборишлари керак эди”.

Ўйин шу йилнинг 29 феврал кунига режаланган.

Жазо

ФИФА Тартиб-интизом қўмитасининг баёнотида айтилишича, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги сўнгги ўйинга оид расмий ҳисоботлар, юз берган ҳодиса тафсилотлари акс этган тасвирларни ўрганиб чиқиб ва барча шарт-шароитларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг беш нафар аъзоси ва Ўзбекистон Футбол Уюшмасини жазолашга қарор қилган.

Аён бўлишича, футболчилар ФИФА Тартиб-интизом кодексининг 57-моддаси, Ўзбекистон Футбол Уюшмаси эса, 52-моддасининг “а” банди бўйича жазоланишади.

Қарорга мувофиқ, “Шавкатжон Муллажонов, Санжар Турсунов, Ислом Тўхтахўжаев, Сервер Жепаров ва Вагиз Галиулин иккита сариқ карточкалари сабаб 3-босқич саралаш учрашувларининг сўнгги ўйинини автоматик равишда ўтказиб юборишади. Устига устак, тўртинчи босқич саралаш учрашувларининг дастлабки беллашувида ҳам майдонга туша олишмайди”.

ФИФА Тартиб-интизом қўмитасининг баёнотидан аён бўлишича, “ уларнинг ҳар бири яна 3.000 Швейцария франки миқдорида жаримага тортилишади”.

Ўзбекистон Футбол Уюшмаси эса, 18.000 Швейцария франки миқдорида жарима тўлаши керак бўлади.

Уюшманинг ФИФА Тартиб-интизом қўмитаси қарорига расмий муносабати ҳозирча уларнинг веб саҳифасидан ўрин олмаган.

Ўзбекистон-Тожикистон

2011 йилнинг 15 ноябр куни Тожикистонга қарши бўлиб ўтган жавоб учрашуви 3:0 ҳисобида ўзбекистонлик футболчилар ҳисобига ҳал бўлганди.

Учрашувда рақиб дарвозасига киритилган тўпларни Санжар Турсунов, Одил Аҳмедов ва Александр Гейнрихлар ўз ҳисобларига ёзишганди.

Ўзбекистон учинчи босқич саралаш беллашувларининг илк учрашувини ҳам айнан Тожикистонга қарши ўтказиб, рақибларини ўз уйларида 1:0 ҳисобида енгишга муваффақ бўлганди.

Тожикистонлик футболчилар учинчи босқич доирасида ўтказган барча учрашувларини бой бериб, гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб туришибди.

Тожикистон миллий терма жамоаси сўнгги беллашувини 29 феврал куни шимолий кореялик рақибларига қарши ўтказади.

ФИФА ўтган йил август ойида 2014 йилги Жаҳон чемпионатига Осиё қитъасидан учинчи босқич саралаш беллашувларидан Сурияни четлатишга қарор қилиши ортидан, Тожикистон миллий терма жамоаси Ўзбекистон тўп сурувчи "С" гуруҳидан ўрин эгаллашга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистон футболи

Осиё қитъасидан 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг учинчи босқич саралаш беллашувларида Марказий Осиё минтақасини фақат Ўзбекистон ва Тожикистон намоён этишмоқда.

Аммо, айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси футбол бўйича бутун Марказий Осиё минтақасида энг пешқадам мавқеъда.

Ўзбекистондан ташқари ҳали бирор бир минтақа давлатига Осиё Ўйинларида ғолиб чиқиш насиб этмаган.

Ўзбекистонлик футболчилар Осиё ва халқаро миқёсда эришган ютуқларга ҳам ҳалича бирор бир қўшнилари эришишмаган.

5 та учрашувдан 13 очко тўплаган Ўзбекистон миллий терма жамоаси тўрт карра Осиё чемпиони Японияни ҳам ортда қолдириб, ҳозирда “С” гуруҳида пешқадам мавқеъни эгаллаб турибди.

Ушбу гуруҳдан яна Шимолий Корея миллий терма жамоаси ҳам ўрин эгаллаган.

Бу мавзуда батафсилроқ