Ахбор Имомхўжаев: ‘Ҳар икки учрашувда ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур’

Фото муаллифлик ҳуқуқи uff
Image caption Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Ироққа қарши дастлабки учрашувини 2:0 ҳисобида ғалаба билан якунлаган

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, учинчи тур саралаш босқич беллашувларининг қолган икки жавоб учрашувини ғалаба билан якунлаш Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси учун сув ва ҳаводек зарур.

Осиё қитъасидан 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига тўртта йўлланмадан биттасини қўлга киритиш учун кураш олиб бораётган ўзбекистонлик футболчилар эртага 21 феврал куни сафарда Ироққа, 14 март куни эса, ўз майдонларида Бирлашган Араб Амирликларига қарши тўп суришади.

Жорий босқичда ўз гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритган жамоа Олимпиада Ўйинларига йўлланмани тўғридан-тўғри қўлга киритади.

2-ўринни олган давлат олимпия терма жамоаси эса, плей-офф беллашувларида ҳам иштирок этиши лозим бўлади.

“Ўлим” гуруҳига тушганига қарамай, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси тўрт учрашувдан 8 очко тўплаб, ўз гуруҳида пешқадамлик қилмоқда.

Гуруҳдаги айрим рақибларидан фарқли тарзда, ўзбекистонлик футболчилар ўз тарихларида ҳалича бирор марта бўлсин Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритишган эмас.

Аммо ҳам маҳаллий ва ҳам халқаро футбол таҳлилчиларининг бирдек эътироф этишларича, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бу гал жуда яхши имкониятга эга.

Аммо...

Фото муаллифлик ҳуқуқи uff
Image caption ФИФАнинг қарори билан Ироқнинг Бирлашган Араб Амирликлари устидан ғалабаси бекор қилинган

Шу йил 5 феврал куни Тошкентда бўлиб ўтган жавоб учрашувида ашаддий рақиблари Австралия Олимпия терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этишлари ортидан, ўзбекистонлик футболчиларнинг асосий вазифани деярли уддалаб бўлишгани айтилганди.

Учинчи тур саралаш босқич учрашувлари доирасида ўтказилган тўрт ўйин натижасига мувофиқ, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси гуруҳда ўзидан кейинги рақиби Бирлашган Араб Амирликларидан уч очко фарқ билан олдинда бораётган эди.

Устига устак, ўзбекистонлик футболчилардан дастлабки мағлубияти ортидан ўзини ўнглаб олган ироқлик футболчиларнинг сўнгги учрашувда Бирлашган Араб Амирликларига ютқазиб қўйиши Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг гуруҳдаги мавқеини янада мустаҳкамлаганди.

Аммо Халқаро Футбол Уюшмаси(ФИФА)нинг 8 февралдаги қарори ортидан буларнинг барчаси ўзгаришга юз тутди.

ФИФА майдонга ҳақсиз ўйинчини туширганини айтиб, Ироқ Олимпия терма жамоасининг Бирлашган Араб Амирликлари устидан ўтган йил 27 ноябр куни эришган ғалабасини бекор қилиб, уларга техник мағлубият ёзди.

Халқаро ташкилот қарорига мувофиқ, Бирлашган Араб Амирликларига ўша ўйин ҳисобидан уч очко ёзиладиган бўлди.

Бу билан уларнинг тўртта ўйиндан тўплаган натижалари 8 очкога етди.

Жорий пайтда “Б” гуруҳида бир хил сонда очко тўплаган Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликларини фақат тўплар ҳисобидаги фарқ ажратиб турибди, холос.

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, гуруҳда вужудга келган мавжуд ҳолат ўзбекистонлик футболчиларнинг Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига йўлланмани қўлга киритишларида энг ашаддий рақиблари Бирлашган Араб Амирликлари бўлишини англатади.

Ишонч

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ўзбекистоннинг гуруҳ босқичидан чиқишда ашаддий рақиби саналаётган Бирлашган Араб Амирликлари эртага Австралияга қарши майдонга тушади

Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг қолган ҳар икки учрашувда ғолиб чиқиш имкониятларини баҳолар экан, ўзбекистонлик шарҳловчи футболчиларнинг бош мураббий Вадим Абрамов бошчилигида жуда яхши спорт формасида эканликларини таъкидлайди.

“Авваллари биз январ, феврал ойларида яхши ўйин кўрсатолмасдик. Мана, ҳозир терма жамоа шунақанги чиройли ўйинлар намойиш этаяптики, мен уларнинг ғалаба қозонишларига ишонаман. Яна баландпарвоз гапларни гапираяпти, деб ўйламанг. Биз Ироқни ҳам, Бирлашган Араб Амирликларини ҳам доғда қолдириб, Худо хоҳласа, Лондонга Ўзбекистон байроғини кўтарган ҳолда борамиз”, дейди Ахбор Имомхўжаев.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси учинчи тур саралаш босқич беллашувларининг дастлабки учрашувини ўтган йил сентябр ойида ўз майдонида ироқлик рақибларига қарши ўтказиб, уларни 2:0 ҳисобида мағлуб этганди.

Орадан икки ой ўтиб, ўзбекистонлик футболчиларнинг Бирлашган Араб Амирликларига қарши сафарда бўлиб ўтган ўйинлари 0:0 дуранг ҳисоби билан якунланганди.

21 феврал куни бир-бирларига қарши майдонга тушишлари кутилаётган Австралия ва Бирлашган Араб Амирликларининг дастлабки учрашувлари ҳам худди шундай ҳисоб билан ниҳоя топган.

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, австралиялик футболчилар ўз рақибларига осонлик билан енгилиб қўядиган анойилардан эмас ва шу боис бўлажак ўйинда ғалаба қозонишлари Бирлашган Араб Амирликларига енгил бўлмайди.

Аммо ҳам Ироқ ва ҳам Бирлашган Араб Амирликлари олимпиячиларининг халқаро ва қитъа миқёсида қўлга киритган ютуқларини инкор этиб бўлмайди.

Дейлик, ФИФАнинг хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб берган қарорига мувофиқ, бу гал ўз майдонидаги барча учрашувларини учинчи давлатда ўтказаётган ироқлик футболчилар 2004 йилги Афина Ёзги Олимпиада Ўйинларини 4-ўрин билан якунлашган.

Бирлашган Араб Амирликлари ёшлари эса, 2008 йилда 19 ёшгача бўлганлар орасида Жаҳон чемпиони бўлишган.

Хитойда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Ўйинларида футбол беллашувларининг финал босқичигача чиқишга муваффақ бўлишган.

Аммо ҳар икки терма жамоа ҳам 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари учун кечаётган саралаш беллашувларида шу пайтгача Ўзбекистон олимпиячиларини енгишга муваффақ бўлишган эмас.

Ўзбекистон ва Ироқ Олимпия терма жамоалари орасидаги жавоб учрашуви эса, 21 феврал куни Тошкент вақти билан 18:45 да Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтади.

Бу мавзуда батафсилроқ