Ришод Собиров: 'Олтин медал қувончини сўзда таърифлаш қийин...'

Фото муаллифлик ҳуқуқи ujf
Image caption Ўзбекистонлик донгдор дзюдочи 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида фақат олтин медалга умид қилаётганини айтади

Куни-кеча Франция пойтахти Парижда дунёнинг манаман деган дзюдочилари орасида бўлиб ўтган катта шлем мусобақасида 60 килограммгача бўлган вазнда кетма-кет иккинчи бор олтин медалини қўлга киритган Ришод Собиров ушбу нуфузли турнирда ғалаба қозонишига ишончи комил бўлганини айтади.

Париждаги ғалабаси ортидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган интервьюсида ўзбекистонлик донгдор дзюдочи Парижга фақат Ўзбекистон байроғини баланд кўтариш мақсадидагина борганини таъкидлайди.

“Шунча давлатнинг ичидан Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилиб, мадҳияси янграса, мен бундан ниҳоятда фахрланаман. Олтин медал олган пайтда спортчининг кўнглидан шунақанги хурсандчилик туйғулари ўтадики, уни сўзда таърифлаш қийин”.

Ўз вазнида икки карра жаҳон чемпиони, Олимпиада Ўйинлари совриндори Ришод Собиров олий унвонни қўлга киритиш учун чехия, швейцария, россия ва жанубий кореялик икки рақибини маҳв этди.

Иккинчи йилдирки, жаҳоннинг биринчи рақамли дзюдочиси бўлган Ришод сўнгги рақиби, жанубий кореялик Ким Вон Жинни 11 сониянинг ичида мағлуб этиб, барчани бирдек мум тишлатиб қўйди.

“Ҳа, мен беллашувда ғалаба қозониб, олтин медали олдим. Мен ўз ғалабамни Ўзбекистонга, юртдошларимга, мухлисларимга тақдим этаман”, дейди Ришод.

Олган жароҳатидан яқиндагина соғайиб, яна татамига қайтган Ришод Собиров ўтган ой Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида жаҳон мастерлари орасида бўлиб ўтган беллашувда кумуш медалини ҳам қўлга киритганди.

Фақат олтин медал

Image caption Ришод Собиров 60 килограмм вазнда жаҳондаги энг кучли дзюдочи ҳисобланади

Халқаро миқёсда бўлиб ўтаётган ушбу турнирларни 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига ўзига хос тайёргарлик эканини айтган Ришод дунёнинг энг йирик спорт беллашувида ҳам фақат олтин медалга даъвогарлик қилишини таъкидлайди.

“Албатта, бу – аввало спорт. Лекин Лондон Олимпиадасида олтин медали олиш учун бор имкониятимни ишга соламан”, дейди Ришод Собиров Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Ўзбекистонлик донгдор дзюдочи 2011 йилда бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатидаги ғалабаси ортидан Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган.

Ўз вазнида ғолибликка даъвогарлик қилишда энг асосий рақиблари украина, япония ва шимолий кореялик дзюдочилар бўлишини чамалаётган Ришод Собиров ўз мақсадига эришиш учун Ўзбекистонда барча имкониятлар муҳайё эканини айтади.

“Устозларим билан бирга ишласам, ҳамиша кўнглим тўқ. Бошқа давлатлар билан солиштирганда, спорт жараёнидаги машғулотлар Ўзбекистонда кучли. Мана шу ҳам менга қандайдир қувват бахш этади”.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ўзбекистонлик дзюдочилар ўз тарихларида илк бор бу йил катта шлем мусобақаларида иккита олтин ва иккита бронза медали олишга муваффақ бўлишди.

Ушбу турнир нуфузи жиҳатдан фақат Жаҳон чемпионати, Олимпиада Ўйинлари ва “Мастерлар беллашуви”дан кейин туради, холос.

Умумажамоа ҳисобида эса, ўзбекистонлик дзюдочилар тўртинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлишди.

Юқори учликдаги ўринлар Япония, турнир мезбони Франция ва Мўғулистонга насиб этди.

26 ёшли Ришод Собировнинг 11 ёшидан бошлаб, дзюдо ва кураш билан шуғулланишни бошлагани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ